Ўқув машқи ўтказилди
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Гулистон давлат педагогика институтида талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини оширишга қаратилган профилактик тадбир ҳамда амалий ўқув машқи ўтказилди.
Тадбирда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида бошқарма ходимлари, институт талабалари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек, шаҳар ФВДқТ хизматлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг дастлабки қисмида талабаларга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, электр жиҳозларидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, фавқулодда вазият содир бўлганида саросимага тушмаслик, вазиятни тўғри баҳолаш, тезкор қарор қабул қилиш, бинодан хавфсиз эвакуацияланиш ва энг аввало, инсон ҳаётини асраш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Профилактик тадбир тунги вақтда талабалар турар жойида ўтказилган амалий ўқув машқи билан давом этди.
[gallery-31324]
Машқ сценарийсига кўра, талабалар турар жойида шартли ёнғин ва зилзила ҳолати юзага келтирилди. Белгиланган тартибда талабалар бинодан тезкор ва хавфсиз эвакуация қилинди. Шунингдек, шартли равишда жабрланган талабага биринчи ёрдам кўрсатиш ва уни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ҳаракатлари амалий тарзда бажарилди.
Ўқув машқининг асосий қисмида тезкор хизматлар томонидан мураккаб вазиятларда амалга ошириладиган қутқарув ишлари намойиш этилди. Жумладан, нафас олиш учун яроқсиз муҳитда қолиб кетган фуқароларни қидириб топиш ва қутқариш, юқори қаватларда қолганларни махсус ускуналар ёрдамида хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби кечиктириб бўлмайдиган вазифалар бажарилди.
Шартли фавқулодда вазиятга барча хизматларнинг бир вақтнинг ўзида сафарбар этилиши, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва тезкор ҳаракатлар ҳам машқ давомида синовдан ўтказилди.
— Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик — бу шунчаки ўқув машғулоти эмас, балки инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирдир. Бундай машқлар орқали фавқулодда ҳолат юзага келганда ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшларнинг тўғри ва саросимасдан ҳаракат қилиши, хавфли ҳудудни тарк этиши ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиши бўйича амалий кўникмалари мустаҳкамланади.
Айниқса, ёнғин ва зилзила каби фавқулодда вазиятларда инсоннинг ўзини қандай тутиши кўп жиҳатдан унинг олдиндан олган билими ва тайёргарлигига боғлиқ. Шунинг учун таълим муассасаларида бундай машғулотларни мунтазам ўтказиш, мавжуд камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, масъул хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим. Зеро, фавқулодда вазиятда йўл қўйилган ҳар қандай хато инсон ҳаётига хавф солиши мумкин. Шу боис хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва аҳолининг фавқулодда вазиятларга шайлигини ошириш доимий эътиборда бўлиши лозим, — дейди Сирдарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Даврон Сулаймонов.
Амалий машғулотлар талабаларга фавқулодда вазиятлар вақтида ўзини тўғри тутиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, атрофдагиларга ёрдам бериш ва масъулиятли қарор қабул қилиш бўйича муҳим кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.
Машқ якунида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти ва кузатувчилар иштирокида амалга оширилган ҳаракатлар таҳлил қилинди. Машқ давомида аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, келгусида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, эвакуация жараёнларини янада самарали ташкил этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди.
Бундай профилактик тадбирлар ва амалий ўқув машқлари таълим муассасаларида хавфсизлик маданиятини юксалтириш, ёшларни фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА