Замонавий мактаб — сифатли таълим маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, янги мактаблар барпо этиш, мавжуд таълим муассасаларини замонавий талаблар асосида реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳоли сонининг йил сайин ортиб бориши таълим муассасаларига бўлган эҳтиёжни ҳам оширмоқда. Бундай шароитда хусусий таълим муассасаларининг кўпайиши ўқувчилар қамровини кенгайтириш баробарида, таълим олиш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Нукус шаҳрида янги “Zeyin” хусусий мактабининг фаолият бошлаши ҳам ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси бўлди. Замонавий таълим муассасаси мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилди.
Қиймати 21 миллиард сўм бўлган мазкур мактаб бугунги кун талаблари асосида барпо этилган. Муассаса ўқувчиларга сифатли таълим бериш учун зарур шарт-шароитлар билан таъминланган.
[gallery-31337]
Мактабда замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, дарсларни интерактив ва қизиқарли ташкил этиш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда мактабда 220 нафарга яқин ўқувчи бошланғич синфларда таҳсил олмоқда. Таълим жараёнида инглиз тили ва математика фанларини чуқур ўқитишга устувор аҳамият берилган.
Мактабда фан, спорт ва ижодий йўналишларда турли тўгараклар ташкил этилган. Бу ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА