Молиявий фирибгарликка учраганда кимга мурожаат қилинади?
Ҳуқуқий муносабат
Телефонингизга сиз қилмаган пул ўтказмаси ҳақида хабар келди. Ёки фирибгар ўзини банк ходими деб таништириб, сизни пул ўтказишга ишонтирди. Балки мобил иловангиздаги аккаунтни бошқа шахс эгаллаб олди. Ёки сиз умуман кредит олмаган бўлсангиз-да, номингизга онлайн кредит расмийлаштирилди. Бундай вазиятда одамнинг биринчи саволи одатда битта бўлади: энди кимга мурожаат қилишим керак ва пулим қайтариладими? Аввало, бир нарсани тушуниш муҳим: кундалик ҳаётда юқоридаги ҳолатларнинг барчасини “фирибгарлик” деб атаймиз, лекин ҳуқуқий жиҳатдан улар бир хил эмас. Шу сабабли ҳар бир вазиятда қилинадиган ҳаракат ҳам фарқ қилиши мумкин.
Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқни соҳалараро ўрганиш илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Сардор Хушвақтов бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– Бу соҳадаги асосий ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2026 йил 21 январда 3759-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низом”дир.
Мазкур низом 2026 йил 22 апрелдан кучга кирган. Низомда “фрод” ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик ва ёки ўғирлик ҳолатлари сифатида белгиланган.
Юқоридагидек ҳолатда энг аввало, операция амалга оширилган молиявий ташкилотга хабар бериш керак. Агар муаммо банк картаси, ҳисобварақ, кредит ёки банкнинг мобил иловаси билан боғлиқ бўлса, тегишли банк ёки бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилинади. Агар пул тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали ўтказилган бўлса, айнан шу тўлов ташкилотига мурожаат қилиш керак. Бунинг сабаби оддий: операция ҳақида тўлиқ маълумот биринчи навбатда айнан хизмат кўрсатган ташкилотда мавжуд бўлади.
3759-сон Низомга кўра, кредит ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларида фойдаланувчи учун “Фирибгарлик ҳақида хабар бериш” имконияти бўлиши керак. Унда шахс ва содир бўлган ҳолат ҳақида зарур маълумотларни юбориш кўзда тутилган. Муҳим жиҳати шундаки, бундай мурожаат пул автоматик равишда қайтарилади дегани эмас. У ҳодисани расмий қайд этиш ва ташкилот томонидан тегишли ўрганишни бошлаш учун зарур.
“Бир кун” қоидаси нимани англатади? Фойдаланувчи ўз қурилмаси йўқолганини, унинг устидан бегона шахс назорат ўрнатганини ёки ўз розилигисиз операция амалга оширилганини аниқласа, ташкилотни кечиктирмасдан хабардор қилиши жуда муҳим.
3759-сон Низомда кредит ва тўлов ташкилотлари ўз шартномалари ҳамда оммавий оферталарида бундай ҳолатлар ҳақида зудлик билан, бироқ бир кундан кечиктирмай хабар бериш мажбуриятини белгилаши назарда тутилган. Шунинг учун “аввал барча скриншотларни йиғаман, кейин бир неча кундан сўнг мурожаат қиламан” деган ёндашув тўғри эмас. Аввал ташкилотга хабар бериш, сўнг мавжуд далилларни тўплаш мақсадга мувофиқ. Ички ишлар органларига қачон мурожаат қилиш керак? Агар ҳодисада фирибгарлик ёки бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлса, банк ёки тўлов ташкилотига хабар бериш билан чекланиб қолмаслик керак. Бундай ҳолатда ички ишлар органларига расмий мурожаат қилиш лозим.
Ички ишлар вазирлигининг амалдаги расмий маълумотларига кўра, 102 ҳамда 1102 қисқа рақамлари мавжуд. Шунингдек, мурожаатни шахсан ёки электрон тарзда юбориш мумкин. Банк операция ва ҳисобварақ билан ишлайди. Ички ишлар органлари эса жиноят аломатларини текширади ва айбдор шахсни аниқлаш билан боғлиқ процессуал чораларни амалга оширади. Шунинг учун уларнинг вазифаларини бир-бири билан аралаштирмаслик керак. Имкон қадар операция чеки, СМС ва мобил илова хабарлари, фирибгар билан ёзишмалар, телефон рақами, юборилган ҳаволалар, скриншотлар, пул олган шахсга оид мавжуд маълумотлар ва ҳодиса содир бўлган вақтни сақлаб қолиш фойдали.
Пулни ўзингиз юборган бўлсангиз-чи? Бу энг кўп чалкашлик туғдирадиган масалалардан бири. Бир ҳолатда сиз умуман операция қилмагансиз: пул сизнинг розилигингизсиз ўтказилган. Бошқа ҳолатда эса фирибгар сизни алдаган, лекин пул ўтказиш тугмасини сиз ўзингиз босгансиз ва операцияни ўзингиз тасдиқлагансиз. Иккала ҳолатда ҳам фирибгарлик аломатлари бўлиши мумкин, бироқ улар молиявий ташкилот томонидан бир хил баҳоланмайди. Шунинг учун “мен фирибгарга пул юбордим, демак банк уни автоматик қайтариб бериши шарт” деган умумий қоида мавжуд эмас. Қандай операция амалга оширилгани, уни ким тасдиқлагани ва ҳодисанинг бошқа ҳолатлари ўрганилади. Сизнинг номингизга онлайн кредит расмийлаштирилган бўлса-чи?
Бу ҳолат учун қонунчиликда алоҳида ва анча аниқ механизм мавжуд. Агар сиз олмаган бўлсангиз-да, фирибгарлик натижасида сизнинг номингизга онлайн кредит ёки микроқарз расмийлаштирилган бўлса, ички ишлар органларига ариза бериш керак. Терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов жараёнида кредит фирибгарлик натижасида расмийлаштирилгани аниқланиб, шахс жабрланувчи деб эътироф этилса, тегишли процессуал ҳужжат кредитни расмийлаштирган кредит ташкилотига юборилади. Шундан сўнг кредит ташкилоти тегишли онлайн кредит ёки микроқарз, унга ҳисобланаётган фоизлар, неустойка ва жарималарни ҳисоблашни ҳамда уларни жабрланувчидан ундиришни тўхтатади.
Мазкур махсус тартиб 3759-сон Низомда бевосита назарда тутилган. Агар жабрланувчидан бундай кредит бўйича пул аввал ундирилган бўлса, уни қайтариш учун ҳам алоҳида тартиб мавжуд. Тегишли маблағлар суд қарори ёки ажрими асосида, суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин белгиланган муддатда қайтарилади. Бу жуда муҳим фарқ: банкка “бу кредитни мен олмаганман” деб хабар беришнинг ўзи қарзни автоматик бекор қилиш учун етарли эмас. Қонунчилик тегишли ҳуқуқий жараённи белгилаган.
Банк масалани ҳал қилмаса, Марказий банкка мурожаат қилинадими? Агар масала кредит ёки тўлов ташкилотининг фаолияти, унинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, молиявий хизмат кўрсатиш тартиби ёки қонунчилик талабларига риоя қилиши билан боғлиқ бўлса, фуқаро Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилиши мумкин. Бироқ Марказий банк жиноятни тергов қилмайди.
У молиявий бозорни тартибга солувчи ва назорат қилувчи орган ҳисобланади. Истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз бузилса-чи? Агар масала молиявий ёки тўлов хизматидан фойдаланувчи сифатидаги ҳуқуқларингиз билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ҳам мурожаат қилиш мумкин. Қўмитанинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари бўйича Call-маркази – 71-207-48-00, қисқа рақами 1159. Демак, қайси бирига мурожаат қилиш керак?
Аслида битта фирибгарлик ҳолати бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилот ваколатига тегишли бўлиши мумкин. Молиявий ташкилот – операция, карта, ҳисобварақ ва ўз хизматини кўриб чиқади. Ички ишлар органлари жиноят аломатларини текширади. Марказий банк молиявий ташкилотлар фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги билан боғлиқ масалаларни кўради. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган – фуқаронинг хизмат истеъмолчиси сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Суд эса тегишли ҳуқуқий низолар ва қонунда айнан суд ҳужжати талаб қилинадиган масалаларни ҳал қилади. Шунинг учун молиявий фирибгарликка учраганда энг муҳим савол “фақат кимга қўнғироқ қиламан?” эмас, балки “мен билан айнан нима содир бўлди?” деган саволдир. Ҳодисанинг турини тўғри аниқлаш қайси ҳуқуқий механизмдан фойдаланишни ҳам белгилаб беради.
Энг муҳими эса – вақтни йўқотмаслик. Фирибгарлик аниқланса, операция ўтган молиявий ташкилотга дарҳол хабар бериш, жиноят аломатлари бўлса, ички ишлар органларига мурожаат қилиш ва барча мавжуд маълумотларни сақлаб қолиш керак. Молиявий хавфсизлик фақат банк ёки тўлов ташкилотининг вазифаси эмас. Фойдаланувчининг ҳам ўз ҳуқуқларини ва фавқулодда вазиятда қандай ҳаракат қилишни билиши ҳимоянинг муҳим қисмидир.
Гулноза Бобоева, ЎзА