Ўқитувчининг 31 йиллик муаммоси Адлия кўмагида ҳал бўлди
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, уларнинг муаммо ва масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бундай жараёнларда адлия идоралари фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб, қонуний ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан Учқўрғон туманининг Чек маҳалласи, Ёшлик массивида яшовчи фуқаро А. Б. нинг Президент қарорида назарда тутилган ҳар ойлик устама пулларини тўлаб берилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилди.
– Ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, мурожаат қилган фуқаро бундан 31 йил аввал математика фани бўйича фан олимпиадасида эришган муваффақиятлари учун учинчи даражали диплом билан тақдирланган, – дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Абдураҳим Мусашайхов.
– Ҳозирда 43-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчи саналади. Бироқ унинг эришган натижаси 1991 йил март ойида, яъни Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритишидан аввал ўтказилганлиги сабабли унга устама пулларини ҳисоблаш ва тўлаб беришда ноаниқлик вужудга келганлиги учун унга қарорда назарда тутилган устама пуллари тўлаб берилмаётганлиги аниқланди.
Ушбу ноаниқликни бартараф этиш мақсадида вилоят адлия бошқармаси Халқ таълими вазирлигига сўров хати билан мурожаат қилди. Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 18 апрелда йўллаган жавоб хатида фуқаро А. Б. олимпиада ғолиблигини тасдиқловчи ҳужжат ва сертификатларни тақдим этган тақдирида, унга белгиланган устамаларни тўлаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Айни шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят халқ таълими бошқармасига Учқўрғон туманидаги 43-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси А. Б. га давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан ҳар ойлик устама пулларини қайта ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш юзасидан тақдимнома киритилиб, фуқарога ҳисобланган жами 92 миллион 676 минг 421 сўм устама пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Оқилхон Дадабоев,ЎзА.