Ўқитувчиларнинг касбий синовлари: 20 йиллик тажриба ёшлардан ортда қолди
Ўқитувчилик фақат дипломнинг ўзи билангина танланадиган касб эмас, балки йиллар давомида тўпланган тажриба, доимий изланиш, билимни янгилаш ва ўзгариб бораётган таълим талабларига мослашишни ҳам талаб қиладиган мураккаб соҳа. Педагогларни касбий сертификатлаш жараёнида қайд этилган кўрсаткичлар соҳадаги айрим муҳим саволларга эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бугун ўқитувчига қўйиладиган мезонлар амалда қандай натижа бермоқда? 20 йиллик тажриба билимни баҳолашда устунлик берадими?
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024–2026 йилларда жами 47 минг 936 нафар педагог касбий сертификатлаш синовларига жалб этилган. Бироқ, уларнинг 18 минг 79 нафари, яъни 37,7 фоизигина белгиланган талабларни бажариб, сертификат олишга муваффақ бўлган. Яна 7 минг 560 нафар педагог синовларда иштирок этмаган. 1 минг 676 нафар педагог сертификат олиш учун талаб этилган натижадан атиги битта тўғри жавобга кам натижа кўрсатган.
Қайд этилишича, 20 йил ва ундан ортиқ иш стажига эга педагогларнинг атиги 19,2 фоизи сертификат олган. Касбий фаолиятини яқинда бошлаган педагоглар орасида эса бу кўрсаткич 45,2 фоизни ташкил этган. Демак, янги иш бошлаган ўқитувчиларнинг сертификатлашдаги натижаси кўп йиллик тажрибага эга ҳамкасблариникидан қарийб 2,4 баробар юқори.
Шунингдек, ихтисослашган олийгоҳлар битирувчиларининг 37,2 фоизи, анъанавий университетлар битирувчиларининг эса 39,9 фоизи сертификат олган. Олий таълим ташкилотлари кесимидаги кўрсаткичлар ўртасидаги тафовут 2,6 баробарни ташкил этган. Энг юқори натижа Самарқанд давлат чет тиллар институти битирувчилари ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг 58,2 фоизи касбий сертификатга эга бўлган.
Шу ўринда савол туғилади: Қайси фанларда натижалар паст?
Таъкидланишича, фанлар кесимидаги таҳлил информатика, физика ва биология йўналишларида сертификат олган педагоглар улуши нисбатан пастлигини кўрсатди. Ушбу фанларнинг ҳар бирида синовда иштирок этган ҳар 9 нафар педагогдан атиги 2 нафари сертификат олишга муваффақ бўлган.
Келтирилган натижалар педагогларнинг касбий тайёргарлигини мунтазам баҳолаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, педагог кадрлар тайёрлаш тизимидаги мавжуд ёндашувларни қайта кўриб чиқиш муҳимлигини кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА