Билимлар чегара билмайди: Ўзбекистон ва Иордания университетлари ҳамкорлиги янги босқичда
Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Иордания олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон–Иордания олий таълим ташкилотлари директорларининг биринчи форуми бўлиб ўтди.
Маълумки, 2025 йил август ойида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлган эди. Ташриф доирасида Самарқанд шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган. Мазкур форум ушбу келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитиш ва узоқ муддатли шериклик механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.
Форумда икки мамлакат олий таълим муассасалари вакиллари сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва олий таълим тизимидаги рақамли трансформация, қайта тикланувчи энергия манбалари, яшил водород технологиялари ва ақлли энергетика тизимлари, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини самарали бошқариш, муҳандислик таълимини ишлаб чиқариш ва саноат билан интеграциялаш, дуал таълим тизимини ривожлантириш ҳамда тиббий таълим сифатини ошириш, университет клиникалари ва шифохоналари фаолиятини ривожлантириш, клиник амалиётни такомиллаштириш каби устувор йўналишлар бўйича фикр ва тажриба алмашди.
[gallery-32575]
— Иорданиянинг Ярмук университети ахборот технологиялари, инглиз тили, тилшунослик, археология ва бухгалтерия ҳисоби йўналишларида етакчи университетлардан бири ҳисобланади, — дейди Ярмук университети проректори Халед Ал-Ғарайбеҳ. — Бу ҳолат QS рейтингининг фан йўналишлари бўйича натижаларида ҳам ўз аксини топган. Ярмук — кўп тармоқли университет. Бу ерда деярли барча соҳалар қамраб олинган. Жумладан, 66 та факультет, 75 та бакалавриат таълим дастури, 63 та магистратура, 15 та докторантура ва 9 та диплом дастури мавжуд. Университет 1980 йилдан буён халқаро алоқаларга катта эътибор қаратади. Бугунги кунда университетда қарийб 3 минг нафар хорижий талаба таҳсил олади. Бундан ташқари 45 дан ортиқ мамлакат билан халқаро ҳамкорлик алоқалари мавжуд. 2025 йилдан бошлаб Осиёдаги ҳамкорлик алоқаларимизни янада кенгайтиришга киришдик. Хусусан, Ҳиндистон ва Хитой университетлари билан ҳамкорлик ривожлантирилмоқда. Бугун эса Ўзбекистон билан ҳамкорликда янги босқични бошлаш арафасидамиз. Умид қиламизки, бугун имзоланадиган келишувлар ва англашув меморандумлари орқали Ўзбекистон университетлари билан алоқаларимиз янада мустаҳкамланади ва амалий ҳамкорлигимиз йўлга қўйилади.
Форум якунида Ўзбекистон ва Иордания олий таълим ташкилотлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланиб, истиқболли йўналишлар бўйича аниқ келишувларга эришилди ҳамда форум резолюцияси қабул қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
Ойбек Пардаев (сурат)
ЎзА