Геология соҳаси: янги эҳтиёжларга мос кадрлар тайёрлаш - асосий вазифа
Геология соҳасида малакали мутахассисларга бўлган талаб ортиб бораётган бир шароитда таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг амалий тажрибасини ошириш ва илмий салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларнинг кириб келиши кадрлар тайёрлашга янгича ёндашувни тақозо этяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Геология фанлари университети ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида шу йўналишдаги ишлар муҳокама қилинди.
Унда вазирликнинг Инновациялар, фан ва таълим бўлими бошлиғи Мирғиёс Ғаффоров, университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Баҳром Урунов ҳамда Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Обиджон Қодиров сўзга чиқиб, геология соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, ҳозирда Геология фанлари университетида 2 минг 372 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 1 022 нафари кундузги, 883 нафари сиртқи, 248 нафари кечки, 68 нафари масофавий таълим шаклида ўқийди. Магистратурада 101 нафар, қўшма таълим дастурларида эса 50 нафар талаба билим олмоқда. Шунингдек, университетда 39 нафар хорижий фуқаро ҳам таҳсил оляпти.

Таълим йўналишлари ҳам соҳадаги янги эҳтиёжлардан келиб чиқиб ривожлантирилмоқда. Геология, экология ва иқтисодиёт билан бир қаторда критик минераллар, менежмент ва сунъий интеллект технологиялари каби истиқболли соҳаларга ҳам эътибор қаратилган. Бунда ўқув дастурларини ишлаб чиқариш талабларига мослаштириш, назарий билимларни амалий кўникмалар билан бойитиш муҳим ўрин тутади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Инновациялар, фан ва таълим бўлими бошлиғи Мирғиёс Ғаффоровнинг таъкидлашича, соҳадаги ўзгаришлар мутахассислар тайёрлаш жараёнини ҳам такомиллаштиришни талаб этмоқда.
– Бугун геология соҳаси олдида турган вазифалар, минерал-хомашё базасини ўрганиш ва ўзлаштириш, геологик қидирув ишларини ривожлантириш жараёнлари янги билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо этмоқда. Бунинг учун олий таълим муассасаларида ўқитиш тизимини доимий равишда такомиллаштириш, ўқув дастурларини ишлаб чиқариш корхоналарининг реал эҳтиёжларига мослаштириш зарур. Айниқса, талабаларнинг назарий билимларини дала машғулотлари ва ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштириш орқали уларда касбий тажриба ва мустақил ишлаш кўникмаларини шакллантириш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, дуал таълимни кенгайтириш, соҳада фаолият юритаётган йирик корхоналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, геология билан боғлиқ янги ва истиқболли йўналишларни, жумладан, критик минераллар, менежмент ҳамда сунъий интеллект технологияларини таълим жараёнига кенгроқ жорий этиш муҳим. Зеро, келгусида соҳа ривожига ҳисса қўшадиган мутахассис нафақат ўз йўналишини чуқур билиши, балки замонавий технологиялардан самарали фойдалана олиши ҳам керак, – деди М.Ғаффоров.

Университетда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш ҳам муҳим йўналишлардан бири. Илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда минерал ресурсларни ўрганиш, геологик қидирув усулларини такомиллаштириш, геофизик ва геокимёвий тадқиқотлар, рақамли геологик моделлаштириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, келгусида таълим сифатини ошириш, дуал таълим қамровини кенгайтириш, замонавий лабораториялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мос юқори малакали мутахассислар тайёрлаш университетнинг асосий вазифалари бўлиб қолади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА