Ўқитувчилар — ҳаётимиз чароғбонлари
Инсон ҳаётида шундай касблар борки, уларнинг самараси бир кун, бир йил ёки бир авлод билан ўлчанмайди. Унинг меваси йиллар, ҳатто асрлар давомида кўринади. Ўқитувчилик ана шундай шарафли ва масъулиятли касбдир. Зеро, бу касб эгалари нафақат фарзандларга билим беради, балки уларнинг қалбига эзгулик, онгига маърифат, ҳаётига мақсад ва келажагига ишонч сингдиради.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Бухорода таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатиб, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ана шу улуғ касб эгаларига юксак эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, таълим тизими ходимлари, устоз ва мураббийлар, соҳа фахрийлари ҳамда давлат мукофотларига сазовор бўлганлар иштирок этди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, барча устоз ва мураббийларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди.
— Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган, — деди вилоят ҳокими. Дарҳақиқат, бу сўзларда устозлик касбининг бутун моҳияти мужассам. Зеро, бугун шифокор инсон ҳаётини асраётган бўлса, унинг қўлига илк бор қалам тутқазган ҳам устоз. Бугун муҳандис мураккаб иншоотлар бунёд этаётган бўлса, унга илм сирларини ўргатган ҳам муаллим. Олимнинг кашфиёти, санъаткорнинг маҳорати, спортчининг зафари, тадбиркорнинг ташаббуси ортида эса кўпинча бир вақтлар унга ишонч билдирган, йўл кўрсатган устоз сиймоси туради. Шу маънода устоз меҳнати — келажакка қўйилган энг катта сармоядир.


Бугун мамлакатимизда таълим ва тарбия масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “муаллимнинг обрў-эътибори — бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир”. Бу фикр бугунги воқеликда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Чунки ўқитувчининг қадрини ошириш — фақат унинг маоши ёки моддий шароитини яхшилаш эмас. Бу — унинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, касбий шаънини ҳимоя қилиш, фикри ва меҳнатига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, энг муҳими, ёш авлод тарбияси учун унинг зиммасига юксак ишонч юклаш демакдир.
Бундан ўн йиллар аввал ўқитувчилар ва давлат ташкилотлари ходимларининг пахта йиғим-теримига жалб этилгани, ҳатто 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунида ҳам айрим ҳолларда байрам тадбирларидан сўнг уларнинг пахта далаларига йўналтирилгани бугунги кун нуқтаи назаридан янада яққолроқ англашилади. Бугун эса манзара бутунлай бошқача.


Ўқитувчи ва мураббийнинг шаъни, қадр-қиммати, касбий нуфузи ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эса жамиятнинг устозга бўлган муносабатидаги катта ўзгаришдир.
Бугун Бухоро вилоятидаги 2 791 та таълим даргоҳида 53 158 нафардан ортиқ педагог-ходим ёш авлодга таълим ва тарбия бериб келмоқда. Улар учун муносиб шароит яратиш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув хоналари, лабораториялар, спорт иншоотлари ва бошқа зарур инфратузилмаларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 236 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун жами 1,4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бу рақамлар замирида оддий бир ҳақиқат мужассам: таълимга сарфланган ҳар бир маблағ — инсон капиталига, фарзандлар келажагига, юрт тараққиётига киритилган сармоядир. Бундай эътибор ва яратилган шароитлар ўз самарасини бермоқда.
Бугун бухоролик ўқувчи-ёшлар халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли билим ва спорт мусобақалари, санъат фестиваллари ҳамда турли танловларда муносиб натижаларни қўлга киритишмоқда.


Жумладан, жорий йилда вилоят вакиллари халқаро ва республика фан олимпиадаларида 33 та совринли ўринни эгаллади. Шунингдек, ушбу ўқув йилида ўтказилган тест синовларида иштирок этган вилоят битирувчилари ўртача 110,8 балл тўплаб, республикадаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этди. Албатта, бу рақамларнинг ҳар бири ортида ўқувчининг интилиши, ота-онанинг ишончи билан бир қаторда, устознинг бедор тунлари, сабри, изланиши ва меҳнати бор.
Тантанали тадбирда таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ устоз ва мураббийларнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани алоҳида таъкидланди.
Яқинда Президент фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимида фидокорона меҳнат қилиб, алоҳида натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар давлатнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилди. Фахр билан айтиш жоизки, мазкур Фармонга мувофиқ Бухоро вилоятининг 6 нафар вакили ҳам давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди.


Тантанали маросимда уларнинг номлари эълон қилиниб, юксак мукофотлар ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Мукофотланган устозларга гуллар тақдим этилди. Шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати, касбига садоқати ва фидойилиги билан таълим-тарбия соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийлар ҳам муносиб тақдирланди. Уларга “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси”, “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” ҳамда “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Бир қарашда бу — мукофот. Аслида эса унинг мазмуни анча чуқур. Чунки устоз учун энг катта мукофот — шогирдининг ютуғи. Унинг энг катта қувончи — бир вақтлар ўзига савол бериб турган боланинг бугун жамиятга наф келтираётган инсонга айланганини кўриш. Энг катта бахти эса — шогирдининг “Устозимдан ўрганганман” деган бир оғиз сўзи.


Тадбирда сўз олган устозлар давлат томонидан ўқитувчи ва мураббийларга қаратилаётган юксак эътибор уларни янада катта масъулият билан меҳнат қилишга ундаётганини таъкидладилар. Бу табиий. Зеро, устозга берилган эътибор унинг елкасидаги масъулиятни ҳам оширади. Чунки унга ишонч билдирилган жойда масъулият бўлади. Қадрланган касб эса янада катта садоқат билан бажарилади.
Устознинг меҳнати биргина олимпиададаги медаль, битирувчининг тўплаган бали ёки танловдаги ғалаба билан ўлчанмайди. Устоз меҳнати — шогирд қалбида қолган эзгу сўзда. Устоз меҳнати — адашган болага берилган тўғри йўлда. Устоз меҳнати — илмга қизиққан бир навқирон қалбда уйғонган ишончда. Устоз меҳнати — эртанги кунни бугундан бунёд этаётган минглаб ёшларнинг орзу ва мақсадларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам устозга айтилган бир оғиз “раҳмат” баъзан йиллар давомида қилинган меҳнатнинг энг катта эътирофи бўлиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири