Она тилига эҳтиром – миллатга эҳтиром
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. Ҳар йили ушбу сана Ўзбек тили байрами куни сифатида мамлакатимизда кенг ва кўтаринки руҳда нишонланади. Шу муносабат билан тарихий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида ҳам “Ўзбек тили – миллатимиз ғурури ва маънавий бойлиги” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг бой тарихи, унинг ҳаётимиздаги ўрни ҳамда тилимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келажак авлодга бекаму кўст етказиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлади.

– Она тилимиз – миллатнинг руҳи, маънавиятимиз кўзгуси ва мустақиллигимизнинг мустаҳкам устунларидан биридир, – дейди Хива шаҳар ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Абдуллаева. – Хиванинг тарихий муҳити ва янгидан қуриб битказилган “Маданият маркази” манзаралари фонида ўтган ушбу байрам тадбири иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Байрам арафасида мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар ва ифодали ўқиш танловлари, барча ташкилотлар ходимлари иштирокида умуммиллий диктант тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирлар яна давом этади. Чунки, она тилига эҳтиром – миллатга эҳтиром, унинг равнақи учун масъулият эса келажак олдидаги шарафли бурчдир.

Байрам тадбирида таниқли шоир ва ёзувчилар, Огаҳий ижод мактаби ўқувчилари, ижодкор ёшлар томонидан она тилини мадҳ этувчи шеърлар ва мумтоз асарлардан намуналар ўқилди.
Шаҳар маданият бўлими ва вилоят мақом ансамбли санъаткорлари томонидан тайёрланган куй ва жозибали қўшиқлар тадбирга бўлакча файз бағишлади.

Тадбир доирасида ўзбек тили ва адабиётига оид нодир манбалар, замонавий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур тадбир она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни яна бир бор намоён этиб, ёшлар қалбида ватанпарварлик ва миллий ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири