Ўн тўққиз давлатнинг ўсмир дзюдочилари Тошкент татамиларида беллашади
Бугун, 24 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” яккакурашлар мажмуасида дзюдо бўйича “Saber Tashkent Grand Prix Cadets 2026” халқаро турнири бошланади.
Ўтган ҳафтанинг етти куни мобайнида дунё дзюдо ишқибозлари эътибор марказида бўлган Тошкент татамиларида бу сафар 20 га яқин давлатнинг 18 ёшгача бўлган истеъдодли дзюдочилари икки кун давомида 8 та ўғил болалар, 8 та дзюдочи қизлар вазн тоифасида совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
Эътиборлиси, мусобақа ғолиблари худди катталарда бўлгани сингари медаллардан ташқари мукофот пулларини ҳам қўлга киритишади.

Мусобақа дастурига мувофиқ, турнирда чемпионликка эришган ёш спортчилар 1200, кумуш медаль эгалари 650, бронза медали соҳиблари 320 евро миқдоридаги пул мукофотларига эга чиқишади.
“Saber Tashkent Grand Prix Cadets 2026” халқаро турнирида 4 та қитъанинг 19 та давлатидан 250 нафар ўсмир дзюдочилар иштирок этаётган бўлса, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг 60 нафарга яқин аъзолари ўз иқтидорини намойиш этишга ҳозирланмоқда.
Бугун дастурга биноан 4 та ўғил ва 4 та қизлар вазн тоифасида беллашувлар ўтказилиб, мусобақаларда мамлакатимизнинг 20 нафар ўсмир дзюдочилари совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА