Футболчиларимиз порлаётган мундиалда бугун 2-тур якунланади
Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бугун, 24 ноябрь куни «I», «J», «K» ва «L» гуруҳларида иккинчи тур баҳслари бўлиб ўтади.
Жумладан, «I» гуруҳида Коста-Рика ва Ирландия (соат 17:30), Бразилия ва Танзания (20:00) терма жамоалари баҳс олиб боради. «J» гуруҳида Доминикан Республикаси – Чили (19:30), Жазоир – Черногория (20:30), «K» гуруҳида Венесуэла – Руминия (17:30), Мексика – Камерун (18:30) учрашувлари ўтказилади. «L» гуруҳида эса Япония – Сербия (18:00) ҳамда Гондурас – Колумбия (20:30) ўсмирлар терма жамоалари ўзаро куч синашади.
Энди жаҳон чемпионатининг кеча ўтказилган «Е», «F», «G» ва «H» гуруҳларидаги иккинчи тур учрашувлари натижаларига тўхталамиз.
Хусусан, «Е» гуруҳида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Ямайка вакилларини 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда ҳисобни 8-дақиқада ямайкалик Келвин Браун очди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Лазиз Абдураимов ҳисобни тенглаштирди. 25-дақиқада Келвин Браун яна гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Бироқ 31-дақиқада Суҳроб Садиржонов Миржамол Анваров узатмасидан сўнг мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлимда футболчиларимиз ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олди. 47-дақиқада Суҳроб Садиржонов Асилбек Алиевнинг узатмасидан кейин жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 58-дақиқада эса ўзининг учинчи голини киритиб, хет-трик қайд этди. 79-дақиқада Амирхон Эркинов, асосий вақтга қўшиб берилган иккинчи дақиқада эса Аҳрорбек Равшанбеков рақиб дарвозасини ишғол этиб, учрашувнинг якуний ҳисобини белгилади — 6:2.

Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Италия Кот-д’Ивуарни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Натижада Италия 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон ва Кот-д’Ивуар 3 очкодан жамғарган. Тўплар нисбатига кўра терма жамоамиз иккинчи, Кот-д’Ивуар учинчи ўринда. Ямайка эса очкосиз қолди.
«F» гуруҳида Хорватия Тожикистонни 4:0, Сенегал эса Кубани 9:0 ҳисобида мағлуб этди. Икки турдан кейин Сенегал ва Хорватия 4 очкодан жамғарган ҳолда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб турибди. Тожикистон 3 очко билан учинчи, Куба эса очкосиз тўртинчи ўринда.
«G» гуруҳида Мали ва Бельгия терма жамоалари ўртасидаги учрашув 2:1 ҳисобида якунланди. Вьетнам ва Янги Зеландия эса 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Икки турдан кейин Мали 6 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Бельгия 3 очко билан иккинчи, Вьетнам ва Янги Зеландия эса бир очкодан жамғарган ҳолда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган.
«H» гуруҳида Испания ва Фижи терма жамоалари ўртасидаги учрашув мусобақанинг энг сермаҳсул баҳсларидан бири бўлди. Испаниялик ўсмирлар рақиб дарвозасига жавобсиз 15 та гол киритди. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Марокаш ва Хитой терма жамоалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Шу тариқа, Испания 6 очко билан гуруҳда биринчи, Марокаш 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Хитой бир очко билан учинчи, Фижи эса очкосиз тўртинчи поғонада.
Маълумот учун, икки турдан кейин Италия («Е» гуруҳи), Мали («G» гуруҳи) ва Испания («H» гуруҳи) терма жамоалари 6 очкодан жамғариб, муддатидан аввал ўз гуруҳларида пешқадамга айланган ҳолда навбатдаги босқичга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА