Омонқўтонда сафсар гул очилди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Омонқўтон тоғли ҳудуди ўзининг бетакрор табиати, ноёб фауна ва флораси билан юртимизнинг бошқа минтақаларидан ажралиб туради. Тахти қорача довони атрофидаги бу гўзаллик ҳар қандай кишини ўзига мафтун этиши табиий. Ҳудуднинг ўзига хос ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, табиий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2022 йилда 1,5 минг гектар майдонда “Омонқўтон” миллий табиат боғи ташкил этилган эди.
Маълумотларга кўра, боғ ҳудудида 1300 турдан зиёд ноёб ўсимлик ва дарахт турлари, 120 турдан кўпроқ ҳайвон ва жонзотлар учрайди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Миллий боғнинг йигирма нафарга яқин ходимлари ана шу ноёб бойликни асраб-авайлаш ва кўпайтириш масъулиятини ўз зиммасига олиб меҳнат қилмоқда.
– Асосий мақсад мазкур ҳудудда ноёб ҳамда йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш, кўпайтириш, қайта тиклаш ҳамда экотуризмни янада ривожлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғи директори Азамат Амруллаев. – Бу ерда 1300 турдан ортиқ ўсимлик учрайди ва уларнинг 37 тури мамлакатимиз “Қизил китоб”ига киритилган. Лекин 2022 йилгача, яъни миллий табиат боғи ташкил этилгунга қадар бу ерда чорва моллари боқилиши, эътиборсизлик ва табиатга нотўғри муносабат сабаб кўплаб ўсимлик ва дарахт турлари йўқолиб кетган, доривор ўсимликлар ҳар йили териб олинган, томиригача суғуриб кетилган. Табиат боғи фаолияти йўлга қўйилгач бундай ҳолатларга чек қўйилди ва натижада кейинги йилларда айрим ўсимликлар яна ўсиб чиқа бошлади. Масалан, табиий ҳолда учрайдиган сафсар гули Омонқўтон тоғларида бир неча йилдан буён учрамасди. “Қизил китоб”га киритилган бу ўсимлик ўтган йил айрим жойларда бўй кўрсатди, бу йил эса анчагина кўпайди. Бугунги кунда аҳоли хонадонлари, боғ ва хиёбонларда ҳам сафсар гулнинг маданийлашган тури экилади ва улар асосан бир хил рангда бўлади. Тоғ сафсар гулида эса бир неча рангни кўриш мумкин ва у жуда чиройли кўринишга эга.
[gallery-29380]
Бундан ташқари, боғда 6 турдаги лола ўсади ва уларнинг барчаси “Қизил китоб”га киритилган, муҳофазага олинган. Бу гулларни ҳам териш мумкин эмас, улар кўпайиб бориши зарур. Биз 2024 йилдан буён Самарқанд давлат университети олимлари билан ҳамкорликда бу ўсимликни, жумладан, фостер лоласини кўпайтириш борасида тадқиқотлар олиб боряпмиз. Бу ишлар самарасини бериб, ҳозир ҳудудда лолалар ҳам кўпайган. Илгари бу гуллар очилиши билан одамлар суғуриб кетаверган.
Айни пайтда миллий табиат боғи ҳудудидаги ўсимликларнинг вегетация даври тугамоқда. Яқин кунларда кунлар исиб кетгач, улар қуриб, уруғи ерга тушади ва келгуси баҳоргача тиним даврида бўлади. Бу пайтда боғ ҳудудини турли фавқулодда ҳодисалар, ёнғин ва бошқа хавфлардан асраш зарур. Шу мақсадда боғнинг аҳоли турар жойлари, дам олиш масканлари билан туташ ҳудудларида ёнғинга қарши йўлаклар очилиб, ўт-ўланлардан тозаланмоқда. Махсус сиғимларда сув тўлдирилиб, ёнғинлар юзага келганда тезкор бартараф этиш учун чоралар кўрилмоқда.
Азамат Амруллаевнинг қайд этишича, Омонқўтон тоғларида XIX аср саксонинчи йилларида эман, ясен, ёлғон рабиния, грек ёнғоғи, Қрим қарағайи сингари дарахтлар экилиб, яратилган ўрмонлар бугун ҳудуд табиий муҳитининг ажралмас бўлагини ташкил этади. Эндиликда бу дарахтларни ҳам илдизидан ва уруғидан кўпайтириш, пайҳон қилинишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда боғ ҳудудида 1 миллион тупдан ортиқ ноёб дарахт ниҳоллари ўсмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4avYxLwmXrc?si=T1Md4-wuhPZBllvV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари