Абдулла Орипов – қардош халқларнинг ҳам севимли шоири
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг бой адабий мероси ва унинг туркий халқлар маънавиятидаги ўрнига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда шоирнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир ва таржимон Сапарбек Иманбеков томонидан қозоқ тилига таржима қилинган “Әділет шуағи” (“Адолат шуъласи”) номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Мазкур китоб Абдулла Орипов шеъриятининг инсонпарварлик, адолат, ватанпарварлик, маънавий поклик каби юксак ғояларини қозоқ китобхонларига янада яқинлаштириш, икки қардош халқ адабий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
[gallery-29386]
Тадбирда Абдулла Орипов наинки ўзбек адабиёти, балки бутун туркий адабий тафаккур ривожига улкан ҳисса қўшган сиймо экани таъкидланиб, шоир ижодининг қардош халқлар қалбида ҳам юксак қадрланиши алоҳида эътироф этилди.
Таъкидланганидек, Абдулла Орипов шеърияти – бу миллат қалбининг садоси, инсон руҳиятининг теран ифодаси. Унинг асарларидаги юксак инсоний ғоялар ҳар қандай миллат китобхони учун яқин ва тушунарлидир. Мазкур таржима ана шу маънавий яқинликни янада мустаҳкамлайди.
Тадбир давомида адабиётшунос олим Қалдибек Сейданов Абдулла Орипов ижодининг бадиий хусусиятлари, унинг шеъриятидаги миллий ва умуминсоний ғоялар ҳақида фикр билдирди.
Мазкур таржима қозоқ адабий муҳитида ҳам катта қизиқиш уйғотиши таъкидланди. Таржима адабиётлараро мулоқотнинг энг таъсирчан кўприги экани қайд этилиб, бу каби нашрлар туркий халқлар ўртасидаги маънавий ҳамкорликни янада бойитиши билдирилди.
Адабий анжуман иштирокчилари Абдулла Орипов ижоди қозоқ китобхонлари учун ҳам қадрли эканини айтиб, “Адолат шуъласи” китоби икки халқ ўртасидаги адабий дўстликнинг янги саҳифаси бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, тақдимотда Абдулла Орипов ижодининг тарбиявий ва маънавий аҳамияти, таржиманинг илмий-адабий қиймати ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Тадбир давомида шоир ижодидан намуналар ўқилди, китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар таржимоннинг меҳнати ва китобнинг бадиий савиясини юксак баҳолади.
“Адолат шуъласи” китобининг тақдимоти ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, қардошлик ва маданий яқинликни яна бир бор намоён этган муҳим адабий воқеа сифатида катта қизиқиш ва илиқ таассуротлар билан қарши олинди. Якунда йиғилганларга “Әділет шуағи” (“Адолат шуъласи”) китоби туҳфа қилинди.
Н.Усмонова,
Ў.Ҳайитов(суратлар),
ЎзА мухбирлари