Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган хор жамоаси 65 ёшда!
“Туркистон" саройида Ўзбекистон давлат филармонияси тасарруфидаги энг салоҳиятли ижодий жамоалардан бири бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хор жамоаси ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан катта юбилей концерти ўтказилди.
Дастур аввалида Ўзбекистон давлат филармонияси Бош директори Анвар Тожибоев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг табригини ўқиб эшиттирди ва жамоани самимий табриклади.

Шундан сўнг шарафли йўлни босиб ўтган жамоага вазирлик, филармония ва бошқа бир қатор ижодий ташкилотларнинг совғалари топширилди.
Эътиборлиси, юбилей муносабати билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган хор жамоасининг бир гуруҳ фахрий аъзоларига вазирлик томонидан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони ҳам топширилди.

Юбилей дастуридан ўрин олган юртимизнинг бой маданий меросини ўзида мужассам этган “Art Choir Festival"га старт берилди.
Мазкур фестивалда пойтахтимиздаги 10 дан ортиқ хор жамоалари иштирок этди ва уларнинг бетакрор чиқишлари томошабинларга ўзгача завқ улашди.

“Art Choir Festival" — бу оддий концерт эмас, балки қалбларни бирлаштирувчи, руҳиятни юксалтирувчи унутилмас мусиқий кечага айланди.
Н.Усмонова,
ЎзА