Ўмонда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди
Яқинда Маскат шаҳрида юртимизнинг Ўмон Султонлигидаги элчихонаси ва “Oman Air” авиакомпанияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Ўмонни кашф этинг: икки томонлама туризм алоқаларини ривожлантириш” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Маскат–Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши арафасида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов, “Oman Air” авиакомпанияси бош ижрочи директори ўринбосари Ҳамуд ал-Алавий, Султонликнинг Мерос ва туризм вазирлиги вакиллари, 10 дан зиёд туроператор ва туристик компаниялар, ушбу ўлкада кенг аудиторияга эга инфлюенсерлар ва блогерлар иштирок этди. Шунингдек, йиғинда Самарқанд вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Ж.Суюнов бошчилигида вилоятдаги етакчи туроператорлар видеоконференцалоқа орқали қатнашдилар.

Анжуман доирасида ёзувчи Дарья Сиротинанинг “Discovering Uzbekistan” китоби тақдимоти, Ўмон Мерос ва туризм вазирлиги томонидан “Visit Oman” тақдимоти намойиш этилди ҳамда “Oman Air” вакиллари томонидан Маскат–Тошкент йўналиши бўйича иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

Ҳамуд ал-Алавий ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётгани, тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши эса сайёҳлик оқимини рағбатлантириши, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
У шунингдек, диёримизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, улар мамлакатнинг халқаро туристик жозибадорлигини оширишга ва хорижий сайёҳлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.

Йиғин давомида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, янги авиақатновнинг аҳамияти ҳамда ўзаро туристик алмашинувни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ў.Алимов, ЎзА