Олтин кузнинг олтин зафарлари: ХХ Осиё ўйинларида Ўзбекистон шиддати!
Жорий йилнинг 19 сентябридан 4 октябрь санасига қадар Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ХХ ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтди.
Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ўтказиб келинаётган Осиё ўйинларида қитъанинг 45 давлатидан 11 минг нафардан ортиқ спортчи иштирок этди. 16 кун давом этган мусобақалар спортнинг 43 тури ва 71 та йўналиши бўйича ўтказилиб, унда спортчилар 469 та баҳсда жами 1 минг 407 та медаль учун рақобатлашди.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон делегацияси спортнинг 42 тури бўйича баҳсларга киришди. Шундан 36 таси олимпия, 6 таси ноолимпия спорт турларидир. Миллий терма жамоаларимиз таркибида 396 нафар спортчи — 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.
Спортчиларимиз соҳил волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА бўйича Осиё ўйинларида илк бор иштирок этди. Шунингдек, мусобақалар давомида камондан отиш, чим устида хоккей, теннис, сёрфинг, триатлон ва сквош бўйича «Лос-Анжелес–2028» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар учун баҳслашди.

Қувонарлиси, ХХ Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза, жами 70 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўриндан жой олди.
Бу галги қитъа ўйинларида оғир атлетика бўйича эркаклар ўртасида 110 килограмм вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Акбар Жўраев олтин медалга эга чиқди. У даст кўтаришда дастлаб 190 килограмм оғирликни ўзига бўйсундириб, Осиё ўйинлари рекордини янгилаган бўлса, учинчи уринишда 197 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекордини янгилади.
Акбар полвон силтаб кўтаришда 226 килограмм, иккикураш якунига кўра эса 423 килограмм натижа билан Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
Шунингдек, бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тахмина Икромова Осиё ўйинларининг яккалик кўпкураш дастурида 112,950 балл жамғариб, фаолиятида уч карра Осиё ўйинлари ғолиби бўлди.

Бокс баҳсларида Абдумалик Халоков (-60 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (-90 кг) олтин, Жаҳонгир Зокиров (+90 кг) кумуш, Шавкатжон Болтаев (-70 кг), Фазлиддин Эркинбоев (-80 кг), Феруза Казакова (-51 кг) ва Ситора Турдибекова (-60 кг) бронза медалини қўлга киритди.
Бокс бўйича терма жамоамиз мусобақани 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза — жами 7 та медаль билан якунлади. Бу кўрсаткич орқали медаллар сони бўйича Ўзбекистон Осиё ўйинлари бокс мусобақасининг энг сермаҳсул терма жамоаси бўлди.
Боксдаги умумий натижага эркаклар терма жамоаси катта ҳисса қўшди. Боксчиларимиз эркаклар ўртасида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль олди. Аёллар терма жамоаси вакиллари эса 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобига ўз улушини қўшди.
Боксдаги медаллар тақсимотида Ҳиндистон терма жамоаси 3 та олтин ва 3 та бронза билан кейинги натижани қайд этди. Эътиборлиси, ҳиндистонликларнинг барча олтин медаллари аёллар баҳсида қўлга киритилди. Қозоғистон вакиллари эса 2 та олтин ва 3 та бронза медаль билан кейинги ўриндан жой олди. Шу тариқа, Ўзбекистон боксчилари мусобақани медаллар сони бўйича юқори натижа билан якунлади.


Спорт гимнастикаси баҳсларида Ўткирбек Жўраев таянч от йўналишида олтин, Расулжон Абдураҳимов параллел брусда бронза медалига эга чиқди. Велоспортнинг мэдисон дастурида Сергей Ростовцев ва Никита Цветков, киберспортда Абубакир Иминжонов ва Фаррух Мирҳамитов (футбол, eFootball™) бронза медали билан тақдирланди.
Енгил атлетика бўйича ўтган беллашувлар ҳам вакилларимиз учун омадли бўлди. Хусусан, Сухроб Хўжаев босқон улоқтириш, Барнохон Сайфуллаева баландликка сакраш, Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакрашда олтин, Анвар Анваров узунликка сакрашда бронза медалига эга чиқди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшишда Шаҳриёр Маҳкамов (байдарка, 500 метр), Шоҳсанам Шерзодова (каноэ, 200 метр) олтин, Владлен Денисов (каноэ, 500 метр), Артур Гулиев ва Владлен Денисов (каноэ-иккилик, 500 метр), Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова (каноэ-иккилик, 500 метр), Арина Танатмишева (байдарка, 500 метр), Ўзбекистон жамоаси (байдарка-тўртлик, 500 метр), Владлен Денисов ва Нилуфар Зокирова (аралаш каноэ-иккилик, 500 метр) кумуш, Арина Танатмишева ва Екатерина Шубина (байдарка-иккилик, 500 метр) бронза медали билан тақдирланди.


Қиличбозликда Зайнаб Дайибекова (яккакураш сабля) кумуш, Полина Волобуева (яккакураш рапира) ва Ўзбекистон жамоаси (сабля, жамоавий) бронза медалига эга чиқди. Дзюдо баҳсларида Музаффарбек Тўрабоев (+100 кг), Сита Қадамбоева (-52 кг) олтин, Абдураҳим Нутфуллоев (-66 кг), Шаҳрам Аҳадов (-73 кг) кумуш, Эрназар Сарсенбаев (-100 кг), Самариддин Қўчқоров (-60 кг) ва Ўзбекистон жамоаси (аралаш жамоавий) бронза медалини жамғарди.
Миллий спортимиз бўлган кураш баҳсларида Аҳрор Зиёдуллаев (-81 кг), Шоҳруххон Бахтиёров (+90 кг), Ибодатхон Оғожонова (-57 кг), Покизахон Камолиддинова (-78 кг) олтин медалга эга бўлди. Бекмурод Олтибоев (+90 кг) ҳамда Шоҳиста Назарова (-78 кг) эса бронза медалини олди.
Спорт курашларида ҳам медалларимиз анча сермаҳсул бўлди. Айтжан Халмаханов (юнон-рум, 67 кг) олтин, Шерзод Поёнов (эркин, 97 кг), Рафаэль Цицуашвили (юнон-рум, 130 кг), Алишер Ғаниев (юнон-рум, 60 кг) кумуш, Жалғасбай Бердимуратов (юнон-рум, 87 кг) бронза медали билан тақдирланди.
Ўқ отиш баҳсларида Владимир Свечников 10 метр пневматик тўппонча дастурида олтин медалга сазовор бўлди. ММА баҳсларида Фирдавс Атамуродов (замонавий, -60 кг), Хиёла Собирова (анъанавий, -60 кг) кумуш, Нодирбек Шавкатов (замонавий, -71 кг) бронза, каратэ баҳсларида Абдулваҳҳоб Рашидов (-67 кг) олтин, Ҳумоюнмирзо Ҳалимов (-55 кг) кумуш медалига эга чиқди.

Академик эшкак эшиш баҳсларида Шаҳзод Нурматов ва Собиржон Сафаралиев (енгил вазнли қайиқда эшкак эшиш) олтин, Ўзбекистон жамоаси (эркаклар, тўртлик), Шаҳбоз Холмурзаев (эркаклар, яккалик), Меҳрожбек Маматқулов ва Павел Сорин (икки кишилик), Анна Аксенова ва Айдана Сметуллаева (жуфтлик), Ўзбекистон жамоаси (аёллар, тўрт кишилик), Анна Пракатен (яккалик) кумуш, Максим Голубев ва Алишер Турдиев (жуфтлик) ҳамда Ўзбекистон жамоаси (эркаклар, тўртлик) бронза медали билан юртимизга қайтди.
Шунингдек, таэквондо WT баҳсларида Жасурбек Жайсунов (-80 кг) олтин, Марат Мавлонов (+80 кг), Озода Собиржонова (-67 кг) кумуш, Светлана Саидова (+67 кг) бронза, теннисда Ҳумоюн Султонов яккалик дастурида бронза, ушуда Дарья Латишева (нанцюань ва наньдао) кумуш, Сайдулло Абдурашитов (56 кг) ва Дониёр Турғунбоев (75 кг) бронза медалига эга чиқди.

Спортчиларимизнинг бу каби улкан муваффақиятлари мамлакатимизда спортни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида спортга қизиқишни оширишга қаратилаётган эътибор натижасидир. Халқаро майдонда рақобатбардош спортчиларни тайёрлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бугун ўзбек спортчилари дунё ва қитъамиздаги барча нуфузли спорт тадбирларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Умид қиламизки, спортчиларимиз 2030 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказиладиган XXI Осиё ўйинларида ҳам бунданда юксак марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат)
ЎзА