Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида Комплаенс кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилди.
Комплаенс кенгаши – молиявий тизимда хавфларни бартараф этиш, назорат тизимини мустаҳкамлаш, хавфларни аниқлаш ва ташкилотларнинг ички назорат тизимини кучайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келувчи назорат механизмларини жорий этишга қаратилган экспертлар майдони ҳисобланади.
Тадбирда Департамент, Марказий банк, Адлия вазирлиги, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Рақобат қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа хусусий ташкилотлардан юз нафар масъул ходим иштирок этди.
Муҳокамалар давомида ташкилотларнинг масъул ходимлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ижобий тажрибалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг комплаенс хизматлари ўртасида ўтказилаётган халқаро танловда иштирок этиш истагини билдирган тижорат банклари тақдимотлар билан иштирок этди.
Тадбир якунида Комплаенс кенгашининг жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА