Халқ ишончини амалий ишлар билан оқлаётган депутат
Маҳаллий Кенгаш депутати фаолиятининг самараси, аввало, фуқаролар муаммоларига қанчалик тез ва самарали ечим топа олиши билан баҳоланади.
Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгаши депутати Ахмет Хожаниязовнинг фаолияти ҳам айнан ана шундай амалий ёндашуви билан эътибор қозонмоқда. Жорий йилда депутат ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва амалий ечим топиш борасидаги самарали фаолияти учун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан “Ёшлар муаммоларини ҳал этишда 30 нафар энг фаол маҳаллий Кенгаш депутати” қаторидан муносиб ўрин олди. Бу эътироф депутатнинг сайловчилар, айниқса, ёшлар билан тизимли ишлаётганининг амалий тасдиғидир.
Шунингдек, А.Хожаниязов фаолиятида фуқаролар мурожаатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда депутатга А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг Қўнғирот туман ҳудудидан ўтувчи 878-879 километр оралиғидаги бурилиш қисми яроқсиз ҳолга келгани юзасидан аҳоли мурожаати келиб тушди.
Мазкур мурожаат асосида Қорақалпоғистон Республикаси “Қўнғирот тумани Йўллардан мунтазам фойдаланиш” давлат муассасаси раҳбари номига депутатлик сўрови юборилди. Депутатлик назорати натижасида муаммо қисқа муддатда бартараф этилиб, йўлнинг носоз қисми таъмирланиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур йўл кесишмасига 2.4 йўл белгиси ҳам ўрнатилди.
Бундай амалий натижалар маҳаллий Кенгаш депутатининг асосий вазифаси фақат сессияларда иштирок этиш эмас, балки фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва ижро устидан самарали назоратни йўлга қўйишдан иборат эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Халқ ишончини қозониш осон эмас. Уни сақлаб қолиш эса мунтазам меҳнат, ташаббус ва масъулиятни талаб қилади. Ахмет Хожаниязовнинг бугунги фаолияти айнан ана шундай тамойилларга таянган ҳолда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири