Олти ойда 39 миллиард сўмлик ноқонуний товар айланмаси олди олинди
Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармасида замонавий талаблар асосида жиҳозланган махсус суриштирув хонаси очилишида қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев, қўмитанинг суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акромжон Ахлимирзаев иштирок этиб, махсус хона имкониятлари билан яқиндан танишди.

Бу ерда сўроқ қилиш, юзлаштириш, шахсни таниб олиш, шунингдек, видеоконференцалоқа орқали масофавий тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Таъкидланганидек, янги ташкил этилган махсус суриштирув хонаси жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, терговга қадар текширув ҳамда суриштирув ишларининг сифати ва шаффофлигини янада оширишга хизмат қилади.

Танишув чоғида вилоят божхона бошқармасининг ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасида жорий йилнинг олти ойидаги натижаларига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилишича, ҳисобот даврида 926 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қарийб 39 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар ушлаб қолинган. Эътиборлиси, ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 218 тага камайган бўлса-да, ушлаб қолинган товарларнинг умумий қиймати 19 миллиард 350 миллион сўмга ошган. Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ходимларга Божхона қўмитасининг ташаккурномаси топширилди.

Тадбир доирасида яна бир муҳим янгилик сифатида Самарқанд шаҳри марказида Божхона қўмитаси рухсати асосида “Божхона-сервис” давлат муассасаси Самарқанд вилояти бўлими томонидан лицензия асосида заргарлик буюмлари ҳамда қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни сотишга ихтисослашган савдо растаси фаолияти йўлга қўйилди.
Таҳлиллар сўнгги йилларда заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг олти ойида ушбу йўналишда 64 та ҳолат фош этилиб, умумий қиймати 3,7 миллиард сўмлик, оғирлиги 5 килограмм 410 грамм бўлган 133 номдаги заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аниқланган ҳолатлар сони, мусодара қилинган буюмларнинг қиймати ва оғирлиги сезиларли даражада ошган бўлиб, хусусан, мусодара қилинган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 2 килограмм 208 граммга кўпайгани мазкур йўналишдаги назорат тадбирларининг самарадорлиги янада ошганидан далолат беради.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири