Олий ва касбий таълим учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони қарийб 100 мингга етди
Ўзбекистонда давлат олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул жараёнлари давом этмоқда. Жорий йил 11 июнь ҳолатига кўра, қабул учун жами 99 минг 800 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган.
Маълум қилинишича, абитуриентлар ҳужжатларини электрон тарзда топшириш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда my.uzbmb.uz платформасидан фойдаланмоқда.
Қабулнинг биринчи босқичи 25 июнь кунига қадар давом этади. Ушбу муддат ичида абитуриентлар шахсий маълумотларини киритиш ва рўйхатдан ўтиш жараёнларини якунлаши мумкин.
Мутахассислар абитуриентларга рўйхатдан ўтишни сўнгги кунларга қолдирмасликни, маълумотларни тўғри киритишга алоҳида эътибор беришни тавсия этмоқда.
Қабул жараёнига оид янгиланиб борувчи статистик маълумотлар масъул идоралар томонидан эълон қилиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА