Олий таълимда ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Малайзияда бўлиб ўтган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусида биринчи Ўзбекистон-Малайзия таълим форумида Навоий давлат университети ҳамда Малайзиянинг Перлис университети ўртасида меморандум имзоланди.

Меморандумга кўра, университетлар ўртасида қўшма бизнес инкубатор марказини ташкил этиш, сунъий интеллект ва логистика йўналишларида ўқув дастурларини ҳамкорликда модернизация қилиш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилади. “Scopus” илмий базасига индексланадиган “Joint journal” қўшма журнал чоп этилади.
Шунингдек, форум доирасида UCSI университети билан ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Эндиликда ҳар иккала университетда йил давомида “Guest lecturer” - “меҳмон спикер” дастури бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан онлайн ва офлайн тарзда дарс машғулотлари олиб борилади.
Ректорлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда UCS университетидаги “Tesol” сертификати курсларига Навоий давлат университети ўқитувчиларини ҳам жалб қилиш ва уларга имкониятлар яратиб бериш масаласи муҳокама қилинди. Келгусида икки университет томонидан саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири