"Олимпия шаҳарчаси" энди кенг жамоатчиликка очиқ
Тошкентдаги замонавий "Олимпия шаҳарчаси" энди нафақат профессионал спортчилар, балки барча ёшлар ва спорт ихлосмандлари учун ҳам очиқ бўлади.
Бу ҳақда мазкур мажмуада «Олимпия шаҳарчаси — ҳамма учун!» шиори остида ўтказилган матбуот анжумани ва пресс-турда маълум қилинди.
Тадбирда дирекция раҳбари Аброржон Мамадалиев ҳамда директор ўринбосари Олимжон Фозилов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Мулоқот давомида ушбу масканнинг бугунги имкониятлари, фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда халқимиз учун очиқ спорт масканига айлантириш борасидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, “Олимпия шаҳарчаси”га 2022 йилнинг 9 ноябрь куни давлатимиз раҳбари иштирокида тамал тоши қўйилган эди. 2025 йил август ойида тўлиқ фойдаланишга топширилган мажмуа бугун Ўзбекистондаги катта спорт инфратузилмали объектлардан бирига айланди. Қисқа муддатда фойдаланишга топширилган ушбу мажмуа нафақат миллий терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинини, балки халқаро нуфузли спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш учун ҳам қулай имкониятларга эга. Эндиликда унинг салоҳиятидан кенг жамоатчиликни баҳраманд этиш, ҳудудни оммавий спорт марказига айлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
Шаҳарча ҳудудида велодром, 12 минг томошабинга мўлжалланган стадион, сув спорти саройи, жамоавий спорт турлари учун универсал заллар ва яккакураш спорт турлари мажмуаси бор. Шунингдек, футбол, теннис ва хоккей учун очиқ майдонлар, паралимпиячилар ётоқхонаси, спорт тиббиёти маркази ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари бор.

Спорт тадбирларини бошқариш ва соҳадаги ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш учун тўрт қаватли маъмурий бино ҳам қурилган. Унда спорт соҳаси мутахассислари, миллий терма жамоалар вакиллари, федерациялар ҳамда мураббийлар фаолият юритиши кўзда тутилган. Бинода мусобақаларни ташкил этиш билан бирга, спортга оид илмий-амалий ва ташкилий ишлар ҳам олиб борилади.
“Олимпия шаҳарчаси”нинг имкониятлари фақат юқори натижаларга интилаётган профессионал спортчилар билан чекланиб қолмаслиги керак. Матбуот анжуманида ҳам мажмуа эшикларини кенг жамоатчилик учун очиш масаласига алоҳида урғу берилди. Режага кўра, яқин истиқболда ҳудудни йирик спорт боғига айлантириш кўзда тутилган. Натижада бу ерда профессионал атлетлар билан бир қаторда, ҳаваскор ёшлар, оилалар ва ота-оналар ҳам спорт билан шуғулланиш имконига эга бўлади.


— Аслида, замонавий спорт иншоотларининг қадри уларда ўтказиладиган нуфузли мусобақалар билангина эмас, балки қанча инсонни спортга жалб эта олиши билан ҳам белгиланади, — дейди дирекция раҳбари Аброржон Мамадалиев. — Шу нуқтаи назардан, “Олимпия шаҳарчаси” олдида турган вазифалар кенг қамровли. Унда юқори малакали спортчиларни тайёрлаш, халқаро беллашувларга мезбонлик қилиш билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларни жисмоний тарбияга жалб қилиш ва оммавий спортни ривожлантириш ҳам муҳим ўрин тутади.

«Олимпия шаҳарчаси — ҳамма учун!» шиори ана шу мақсаднинг мазмун-моҳиятини ифода этади. Зеро, бугун чемпионлар тайёрланаётган замонавий маскан эртага спортни ўз ҳаётининг бир қисмига айлантиришни истаган ҳар бир инсон учун ҳам имкониятлар маркази бўлиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА