ОКМКдаги ислоҳотлар Парламент нигоҳида
Сўнгги йиллар Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш билан бирга, унинг мамлакатимиз саноатидаги стратегик аҳамиятини янада оширяпти. Айниқса, жорий йилнинг 16 март куни Президентимиз иштирокида расман ишга туширилган 3-Мис бойитиш фабрикаси соҳа ривожи янги босқичга чиққанининг яққол намунасидир.
Мазкур улкан саноат объекти фаолияти ва мис саноатидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари комбинатга келди. Хусусан, Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган ташриф аввалида депутатлар ОКМК бошқарув раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов ҳамроҳлигида “Металлург” маданият саройидаги музейлар фаолияти билан танишди.

Дунёдаги энг йирик конлардан бири бўлган, комбинат ишлаб чиқариш занжирининг бошланғич нуқтаси саналган Қалмоққир конидаги ишлаб чиқариш жараёни ҳам депутатларда катта таассурот қолдирди. Ташриф давомида парламент аъзоларининг асосий эътибори мамлакат саноат қудратини янги босқичга олиб чиқувчи 3-Мис бойитиш фабрикасига қаратилди. Депутатлар фабриканинг улкан ишлаб чиқариш занжири, хусусан, рудани қайта ишлашнинг муҳим бўғинлари ҳисобланган Янчиш мажмуаси ва рақамлаштирилган Диспетчерлик маркази фаолиятини бевосита кўздан кечирди.

Меҳмонлар фабриканинг техник имкониятлари, инновацион ечимлари ва истиқболдаги режалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлди. Ушбу фабрика тўлиқ қувватга чиққач, йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Фабриканинг стратегик аҳамияти аввало унинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли бандлигига қўшаётган ҳиссасида намоён бўлади. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, мазкур иш ўринларининг асосий қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга маҳаллий мутахассислар ҳамда ёш кадрлар ҳиссасига тўғри келади.

Ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан қараганда, фабрикада ҳар йили ишлаб чиқариладиган мис концентрати таркибидан мис, шунингдек, олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо ҳамда рангли металлар ажратиб олинади. Тайёр маҳсулот кейинги технологик босқич Мис эритиш заводига узлуксиз етказиб берилади. Маълумотларга кўра, фабрика тўлиқ қувватга чиққандан сўнг Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мис концентратининг кунлик ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли равишда ошади.

Парламент аъзолари комбинатда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтиришда муҳимлигини эътироф этиб, соҳа ривожига ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири