ОКМКда меҳнат ва зафарлар шодиёнаси
Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари кунини кўтаринки кайфиятда нишонлашди.
Байрам тадбирлари комбинатнинг ҳар бир бўлинмасида катта тантана қилинди. Ҳар бир таркибий бўлинмаларда байрам дастурхонлари ёзилиб, илғор ишчи-ходимлар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Кўп йиллар давомида ишлаган ишчи-ходимларга “Меҳнат фахрийси” унвонлари тақдим этилди.
Шунингдек, cана муносабати билан “Марҳамат” тантаналар мажмуида Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлари Кенгаши билан ҳамкорликда комбинат меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ёзилди.
15 май куни байрам тадбирлари доирасида ОКМК спорт мажмуасида катта гала концерт ташкил этилди.
Тадбир аввалида комбинат спортчилари ва ОКМК таркибий бўлинмалари тантанали юриши бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов барчани айём билан самимий муборакбод этиб, комбинат меҳнат жамоаси кўплаб ютуқларга эришаётганини таъкидлади. - Сўнгги йилларда аҳил меҳнат жамоамиз билан биргаликда улкан ютуқларга эришиб келмоқдамиз. Хусусан, март ойида ишга туширилган 3-Мис бойитиш фабрикасида қисқа вақт ичида 2 млн тонна маъдан қайта ишланиб, 30 минг тоннадан ортиқ мис концентрати олинди. Шунингдек, ички имкониятларимиз ва ўз кучимиз эвазига Ковулди олтин саралаш фабрикасини қуриб битказдик. Яна бир тарихий воқеани алоҳида фахр билан таъкидлашни истардим. Жорий йилнинг 12 май куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига “Copper Mark” ташкилоти томонидан “The Copper Mark” ва “The Molybdenum Mark” халқаро сертификатлари топширилди. Мазкур ютуқ маҳсулотларимизнинг Европа бозорларида рақобатбардошлигини таъминлабгина қолмай, корхонамизнинг жаҳон миқёсида “масъулиятли ишлаб чиқарувчи” эканини ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мувофиқ фаолият юритаётганини тасдиқлайди. Эътиборлиси, ОКМК Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида ушбу сертификатларни қўлга киритган энг биринчи корхонага айланди. Бу барчамизнинг умумий ютуғимиздир, - дейди А.Хурсанов.
Тадбир давомида комбинатда узоқ йиллар ишлаган бир гуруҳ илғор ишчи-ходимларга турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари тақдим этилди.
Энергия самарадорлик бўйича ўтказилган танлов ғолиблари ва 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида фаол иштирок этган қурувчилар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ва “Металлург” МС ходимлари томонидан маҳорат билан ижро этилган “Тарихдан тараққиёт сари” номли саҳна кўриниши йиғилганларни мозий бағрига етаклади. Унда буюк соҳибқирон Амир Темурнинг улуғвор сиймоси ва у зотнинг мард, енгилмас саркардалари тимсоли жонлантирилиб, томошабинларга ҳақиқий жанговар руҳ ва миллий ғурур туйғусини улашди.
Концерт дастурида таниқли опера хонандаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязовнинг дилрабо куй-қўшиқлари барчага бирдек манзур бўлди. Айниқса, хушовоз хонанда Бунёдбек Саидов ҳамда эстрадамиз юлдузлари Шоҳруҳхон ва Зиёданинг шўх-шодон тароналари даврага ўзгача файз бағишлаб, томошабинларни рақсга чорлади. Байрам шодиёнаси осмон бағрини ёритган мушакбозлик билан якунланди.
16 май куни эса “Металлург” маданият саройи атрофида ташкил этилган оммавий халқ сайли ҳамшаҳарларимизга чексиз қувонч улашди. Сайл аввалида комбинат ёшлари томонидан марафон ўтказилди.
Сайил доирасида комбинатнинг ишлаб чиқаришда эришган ютуқлари, таркибий бўлинмаларнинг маҳсулотлари ҳамда замонавий технологик қурилмалар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма майдончаларини кўздан кечирар экансиз, ҳар бир корхонанинг бу йилги байрамга юқори тайёргарлик билан келгани яққол сезилиб турди.
Сайл доирасида ташкил этилган спортнинг арқон тортиш, стол тенниси, дартс, белбоғли кураш, бокс, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар ҳам шиддатли баҳсларга бой бўлди.
Байрам муносабати билан кўргазма ва тақдимотлар юқори савияда ташкил этилиб, иштирокчиларнинг ижодий маҳорати, ташаббускорлиги, инновацион ғоялари, фидокорона меҳнати ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлиги алоҳида эътироф этилди.
Байрам тадбири сайлида энг фаол, энг ташаббускор, энг ижодкор ва энг оммабоп кўргазмалари билан жамоатчилик эътиборини қозонгани корхона ва ташкилотлар қимматбаҳо совғалар тақдирландилар.
Жумладан, Марказий аналитик лабораторияси, Автомобиль транспорт бошқармаси, Технологик транспорт бошқармаси, Ижтимоий объектлар бошқармаси, Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси, Мис бойитиш фабрикаси, Рух заводи, Оҳак заводи, Саноат Сув таъминоти цехи, Фуқаро муҳофазаси отряди, Муҳандислик мактаби, 3-Мис бойитиш фабрикаси каби корхоналар ва Oлмалиқ Давлат техника институти рағбатлантирилди.
Кўрик-танловда ўзининг илмий ёндашуви, ижодий маҳорати ва соҳавий фаолиятидан келиб чиққан ҳолда кўргазмаларини юқори савияда ташкил этган “Oлмалиқметаллург қурилиш трести” - Энг намунали бунёдкорлик кўргазмаси учун, Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси - Сунъий интеллектни барча соҳага жорий этишдаги фаоллик учун, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси - Ижодкорлик ва энг самарали меҳнат учун учинчи ўринни эгаллашди.
Ишлаб чиқариш қудрати ва салоҳиятини намойиш этишдаги масъулияти учун Портловчи материллар заводи, Қалмоққир кон бошқармаси ва Ковулди кон бошқармаси каби корхоналари иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Шунингдек, инновацион ғоялари, энергия самарадорлиги сунъий интеллект бўйича тақдим этган лойиҳалари учун Саноат темир йўл транспорти бошқармаси, 2-Мис бойитиш фабрикаси ва Мис эритиш заводи каби корхоналар биринчи ўринга сазовор бўлишди.
Ишлаб чиқаришдаги замонавий ёндашувлари, маҳаллийлаштириш дастури, сунъий интеллект, инновацион технологияларни кенг жорий этгани учун Марказий таъмирлаш механика заводи меҳнат жамоаси кўргазманинг мутлақ ғолиби сифатида эътироф этилиб, Гран-прини қўлга киритишди.
Ўтказилган байрам тадбирларига кўтаринки руҳ, ҳақиқий байрамона муҳит бағишлаган ҳамда тадбирларнинг юқори савияда ўтишига муносиб ҳисса қўшган, фаол иштироки, ҳарбий-ватанпарварлик чиқишлари ва намунали хизматлари учун Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисми ҳам тақдирланди.
Мазкур байрам тадбирлари нафақат соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, балки комбинат жамоасини янги марралар сари бирлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
ОКМК Ахборот хизмати