Қозон-2026: Ислом дунёси мамлакатлари иқтисодий интеграцияни кучайтирмоқда
Исломий молия технологияси бозори 2029 йилга бориб 340 миллиард долларга етиши кутиляпти. Бу ҳақда Татаристонда “Россия – Ислом дунёси: Қозон-Форум-2026” доирасида ўтказилган 17-халқаро иқтисодий конференция йиғилишида маълум қилинди. Шунингдек, анжуманда янги ўсиш нуқталари учун технология, молия ва логистика масалалари асосий мавзуга айланди.
– Ушбу форум Россия Федерациясининг мусулмон давлатлари билан ҳамкорлигини ривожлантириш учун асосий майдон, – деди Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов. – Бу йил алоҳида аҳамиятга эга воқеа юз берди: Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг якдил қарори билан Қозон шаҳри 2026 йил учун Ислом дунёси маданий пойтахти деб эълон қилинди. Бугунги муҳокама мавзуси – “Харитадаги нуқталардан ўсиш манзилларигача: технологик ва молиявий ташаббусларни бирлаштириш” ниҳоятда долзарб. Харитадаги нуқталар – шаҳарларимиз, ҳудудларимиз ва мамлакатларимиз. Ҳақиқий умумий салоҳиятимиз эса технология капитал билан бирлашганда, барқарор тараққиёт шаклланганда ва инновация молиялаштирилиб, шериклик орқали кенгайиб, глобал бозорга чиққанда намоён бўлади.

Татаристон раҳбари бундай ҳамкорликка мисол сифатида исломий молия тизимини келтирди. Унинг айтишича, ҳозир исломий молия технологияси йўналишига ихтисослашган компанияларнинг жаҳон бозоридаги қиймати тахминан 200 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу кўрсаткич 2029 йилга келиб 340 миллиард долларга етади.
– Ислом ҳамкорлик ташкилоти шунчаки минтақавий эмас, балки аҳамияти жиҳатидан БМТдан кейинги иккинчи йирик халқаро тузилма сифатида Арабистон, Африка, Осиё ва Европа давлатларини бирлаштиради, – дейди ИҲТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Юсуф Алдобей. – Бизнинг асосий ниятимиз барқарор ўсишни таъминлаш орқали аъзо давлатлар халқлари фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишдир. Айни мақсадга фақат стратегик ёндашув ва биргаликда ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқалигина эришиш мумкин. Шу нуқтаи назардан Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев таъкидлашича, “Kazan Forum” Россия ҳудудлари ва Ислом дунёси мамлакатлари саноат, энергетика, логистика, молия, технология, туризм ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида мулоқотдан аниқ лойиҳаларга ўтаётган амалий платформа ҳисобланади.
– Россиянинг энг фаол ҳудудларидан бири ҳисобланган Татаристон Ўзбекистон билан саноат кооперациясини ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади, – деди у ўз нутқида.

– Биз бевосита бизнес мулоқоти, аниқ ишлаб чиқариш лойиҳалари ва янги ташаббуслар учун улкан салоҳият кўряпмиз.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари инвестиция механизмини такомиллаштириш, реал секторга технология жалб этиш, қўшма лойиҳалар амалга оширишда давлат, бизнес ва тараққиёт институтлари шериклигини мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Ўткир Алимов, ЎзА