Нукусда талабалар баҳси
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида математика бўйича Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида очиқ фан олимпиадаси бўлиб ўтди.
Ушбу фан олимпиадасида республикадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 400 нафарга яқин иқтидорли талаба иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.

Олимпиада икки тоифа бўйича ўтказилди.
“А” тоифасида математика, амалий математика, информатика ва компьютер технологиялари таълим йўналишлари талабалари иштирок этиб, уларга олий математика фанидан 5 та ёзма савол берилди. “Б” тоифасида эса бошқа таълим йўналишларида ўқиётган талабалар 20 та ёпиқ тест саволи орқали ўз билимини намойиш этишга ҳаракат қилди.
Иштирокчиларга топшириқларни бажариш учун 4 соат вақт ажратилди. Олимпиада жараёнлари шаффоф ва адолатли тарзда ўтказилиб, талабалар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилди.

Мазкур фан олимпиадаси талаба-ёшларнинг математика фанига бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фан олимпиадаси якуни бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА