Океан ортидаги интрига: «D» гуруҳида ким фаворит?
Футбол миллионлаб мухлисларни ўзига жалб этиб, халқаро майдонда катта нуфузга эга спорт тури сифатида эътироф этилади.
Бугунги кунда футбол турли қитъаларда ўтказиладиган нуфузли мусобақалар, жумладан миллий чемпионатлар, қитъа биринчиликлари ва Жаҳон чемпионатлари, шунингдек клублар ўртасидаги халқаро мусобақалар орқали жадал ривожланиб бормоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси — “ЖЧ–2026” олдидан сўнгги тайёргарлик босқичини давом эттирмоқда. Режага кўра, жамоа 26 май куни АҚШга йўл олади.
Умид қиламизки, мундиалда Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий терма жамоамиз мухлислар ишончини оқлаб, муносиб ва ёрқин ўйин намойиш этади.

Бугунги мақоламизда Жаҳон чемпионатининг “D” гуруҳидан ўрин олган АҚШ, Парагвай, Австралия ва Туркия терма жамоаларининг мундиал сари босиб ўтган йўлига назар ташлаймиз.

Дастлаб, Парагвай терма жамоасининг Жанубий Америка минтақаси саралаш босқичидаги иштирокига тўхталамиз. Қитъанинг энг кучли 10 та жамоаси иштирок этган саралашда парагвайликлар 28 очко тўплаб, 6-ўринни эгаллади ва тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бу гуруҳда рақобат ўта кескин кечди. Аргентина 38 очко билан биринчи, Эквадор эса 29 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Колумбия, Уругвай ва Бразилия ҳам Парагвай билан бир хил — 28 очкодан тўплаб, кейинги ўринларни эгаллади.
Шу тариқа, кучли рақиблар билан кескин курашда ўзига хос характер намоён этган Парагвай ўз тарихида тўққизинчи маротаба Жаҳон чемпионатига йўл олди.
Қарийб 20 йилдирки, Австралия терма жамоаси Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) мусобақаларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жорий йилги саралаш босқичида ҳам австралияликлар ўз йўлини иккинчи босқичдан бошлади.

Мазкур босқичда "I" гуруҳида иштирок этган Австралия терма жамоаси 18 очко тўплаб, гуруҳ пешқадами сифатида кейинги босқичга йўл олди. Кейинчалик учинчи босқичда “C” гуруҳида Япония, Саудия Арабистони, Индонезия, Хитой ва Баҳрайн каби рақиблар билан куч синашди.
Кескин рақобат остида кечган баҳсларда Австралия 19 очко тўплаб, иккинчи ўринни қўлга киритди ва шу орқали “ЖЧ–2026” йўлланмасини нақд қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Австралия 2006 йилдан буён Жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этиб келмоқда ва “ЖЧ–2026” улар учун мундиал тарихидаги еттинчи иштирок бўлади.
Туркия терма жамоаси УЕФА томонидан ўтказилган саралаш босқичида “E” гуруҳида иштирок этди. Испания, Грузия ва Болгария термалари билан рақобатлашган турк футболчилари 13 очко тўплаб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади ва плей-офф босқичига йўл олди.
Плей-офф босқичида Туркия аввалига Руминия устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Финалда эса Косово билан тўқнаш келди. Ҳал қилувчи учрашувда ягона гол баҳс тақдирини ҳал қилди ва Туркия мундиал йўлланмасини қўлга киритди.
Тарихга назар ташланса, Туркия 1934 ва 1950 йилларда йўлланма олган бўлса-да, ўша пайтда турли сабабларга кўра иштирок этмаган. 1954 йили Швейцарияда илк бор қатнашган. Энг ёрқин натижа эса 2002 йилда қайд этилган — Жанубий Корея ва Японияда ўтган чемпионатда Туркия 3-ўринни эгаллаган.
Энди эса мусобақа мезбони АҚШ терма жамоаси ҳақида. Мезбон сифатида саралаш босқичида иштирок этмаган ва тўғридан-тўғри мундиалга йўл олган. Бироқ, сўнгги йилларда турли қитъа жамоалари билан қатор халқаро ўртоқлик учрашувларида иштирок этиб, ўз салоҳиятини ошириб келмоқда.
Жаҳон чемпионатида “D” гуруҳи учрашувлари 12–25 июнь кунлари ўтказилади:
12 июнь: АҚШ — Парагвай (SoFi Stadium, Инглвуд)
13 июнь: Австралия — Туркия (BC Place, Ванкувер)
19 июнь: АҚШ — Австралия (Lumen Field, Сиэтл)
19 июнь: Туркия — Парагвай (Levi’s Stadium, Санта-Клара)
25 июнь: Туркия — АҚШ (SoFi Stadium, Инглвуд)
25 июнь: Парагвай — Австралия (Levi’s Stadium, Санта-Клара)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА