Оилавий зўравонлик инсоннинг ҳаёти ва эркинлигига дахл қилади
Ҳар бир ёш оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўяр экан, аввало, турмуши ширин ва бахтли бўлишини истайди. Бироқ қуруқ истакнинг ўзи етарли эмас. Чунки оила деб аталмиш бўстонда ҳаёт бир текис кетмайди. Бу эса эр ва хотиндан сабр-қаноатли бўлишни, аҳилликни талаб этади. Йўқса, арзимаган гап-сўзлар, келишмовчиликлар муносабатларни емириши, ҳаётни боши берк кўчага киритиб қўйиши мумкин.
Бироқ кейинги йилларда эр-хотин ўртасида содир бўлаётган жанжаллар барчамизда хавотир ва ташвиш уйғотади. Оммавий ахборот воситаларида дилни хира қиладиган ана шундай ҳодисалар юз бераётгани ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқимоқдамиз. Аёлларни таҳқирлаш билан боғлиқ зўравонликлар кишини чуқур ўйга толдиради. Бундай шафқатсизликлар содир бўлаётгани сабабларидан бири, деб пандемия даврида карантин чекловлари туфайли уйдан чиқишнинг имкони чегаралангани оқибатида юз берди, дейиш мумкин. Яна бир сабаб қўни-қўшниларнинг, тегишли идораларнинг карантин пайтида оилавий муаммоларга аралашувининг кескин пасайгани нохуш воқеаларни келтириб чиқарди.
Қолаверса, менталитетимизга хос бўлган анъаналарга кўра, уйдаги жанжални кўчага чиқаришни хоҳламаймиз. Ана шу нарса ҳам аёлларга бўлган зўравонликни ҳам кучайтирди. Афсуски, андишага борилгани оқибатида ҳақорат ва зулм авж олди. Натижада аёлларимиз қийин вазиятга тушиб қолиб, ҳаёти ва соғлиги хавф остида қолди.
Жабрдийдалар муаммоларини яқин қариндошларига айтганларида “Ҳа, энди оилада бўлади-да” дейишлари ҳам аёлларнинг мунтазам хўрланишига олиб келмоқда. Оилавий зўравонликка бир оиланинг муаммоси ёки ташвиши деб қараш мутлақо нотўғри.
Қайд этиш керакки, мамлакатимизда ушбу муаммога қарши курашиб келинмоқда. Жабрдийдаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Бизда одатда эридан жабр кўрган аёл тегишли жойга арз қилмайди. Бу ҳолат аксарият зўравонларнинг жазосиз қолишига олиб келмоқда. Жабрланувчилар айбдор билан бир уйда яшашини ҳисобга олсак масаланинг нақадар оғирлигини англаш қийин эмас.
Таҳлиллар ҳуқуқбузарликларни асосан эркаклар содир этаётганини кўрсатаётир. Ушбу иллатга қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ўз фаолиятларини самарали ташкил этишларини ҳаёт тақозо этмоқда. Улар маҳаллаларда ва иш жойларида оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича профилактик суҳбатлар олиб боришлари мақсадга мувофиқ. Иш шундай ташкил қилинса, кўпгина ҳуқуқбузарликларнинг олди олинарди.
Айтиш керакки, оиланинг тинчлиги, аҳиллиги, бахти биринчи галда ота-онага боғлиқ. Шундай экан, эркак ўз оиласида тартиб-интизом, ахлоқ, ўзаро илиқ муомалада ўрнак бўлса жамият ривож топади. Ҳар қандай вазиятда ҳам сабр-қаноатли бўлиш керак. Ҳаёт синовлари ҳеч қачон оиладаги вазиятни чигаллаштирмаслиги, аксинча бир-бирини қўллаб-қувватлаш саодатга етаклашини унутмайлик. Оиламиз – муқаддас қўрғонда ҳамиша шоду хуррамлик бўлсин.
Бахтигул Матмуратова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Боғот туманлараро судининг судьяси