Оилада зўравонликнинг олдини олиш борасида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Зўравонликсиз оила — фаровон жамият пойдевори” ҳамда “Одам савдоси — давр муаммоси” мавзуларида маърифий-профилактик тадбир бўлиб ўтди.
Оила — жамиятнинг кичик бир бўғини, унинг эртанги кунини белгилаб берувчи муқаддас маскандир. Мамлакатнинг қудрати, халқнинг маънавий юксаклиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги энг аввало шу кичик маскандаги муҳитга боғлиқ. Бугунги шиддатли даврда глобал муаммолар қаторида оилавий муносабатлар тизими, хусусан, хонадонлардаги тинчлик ва тотувлик масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланган шахсларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари ҳамда "Ҳимоя ордери"нинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Оилаларда ўзаро ҳурмат, тушуниш ва меҳр-оқибат муҳитини яратиш, бу жараёнда оила аъзоларининг, айниқса, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларни тазйиқлардан асраш юзасидан талаба-ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ва уларга тўғри йўналишлар берилди.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда талаба-ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан ҳуқуқий жавоблар олишди.
Гулноза Бобоева,ЎзА