Оила — тилнинг биринчи мактабидир
Бола ўз она тилини энг аввало оилада, онасининг меҳрга тўла сўзлари, алласи ва эртаклари орқали ўрганади.
Илк бор эшитилган сўзлар, бешик узра айтилган алла ва болаликда тингланган эртаклар унинг қалбида тилга муҳаббат уйғотади. Шу боис ўзбек тилининг оиладаги ўрни, унинг авлоддан авлодга ўтиши ва фарзанд тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, оиладаги тил муҳитига эътибор қаратишимиз лозим.
Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза Муҳитдинова муҳим фикрларни илгари суради.
—Тилимизни бежиз «она тили» дейилмайди. Халқимиз уни она сути билан кирган тил деб билади. Бола илк сўзини мактабда эмас, онасининг бағрида эшитади. Демак, тилнинг тақдири аввало оилада ҳал бўлади.

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни биздан оддий, лекин жиддий савол сўрайди. Бугун бизнинг уйимизда қандай сўзлар янграяпди? Фарзандимиз биздан қандай нутқни мерос оляпти? Бу саволнинг жавоби нафақат тилнинг, балки оила маънавиятининг ҳам келажагини белгилайди, — дейди Ф. Муҳиддинова.
— Унутмаслик керакки, инсон тилни дарсликлардан олдинроқ, тирик нутқдан ўрганади. Бола уч ёшгача оилада эшитган сўзлари асосида фикрлашни бошлайди. Шу боис оила — тилнинг биринчи ва энг муҳим мактабидир.
Олима она алласи ҳақида сўз юритар экан, унинг бола қалби ва онгига таъсирига алоҳида эътибор қаратади.
Унинг таъкидлашича онанинг алласи — бола эшитган илк шеърият. Унда меҳр, оҳанг ва она тилининг нафислиги бирга мужассам. Буви ва буванинг эртаги болага сўз билан бирга яхшилик ва ёмонликни, адолат ва ҳалолликни ўргатади. Мақол ва ўгитларимиз эса, яъни «Яхши сўз — жон озиғи, ёмон сўз — бош қозиғи», «Тил — дилнинг калити». Бу халқ донишмандлиги болага нутқ одобини содда ва тушунарли тарзда етказади. Энг асосийси, мурожаат одобини ўргатиш ва ҳамиша амал қилиш тилимиз билан маънавиятимиз устунидир. Катталарга «сиз» деб мурожаат қилиш, «ассалому алайкум» ва «раҳмат» дейиш одати оилада шаклланади.
Феруза Муҳитдинова эртакларнинг бола тарбиясидаги аҳамиятига тўхталар экан, алла айтилмаган, эртак ўқилмаган уйда боланинг нутқи ҳам, қалби ҳам қашшоқ бўлиб қолади. Оилада тил заифлашса, маънавий ришталар ҳам бўшашади, — дейди.
Жадид боболаримиз миллат тақдирини оила ва тарбия билан чамбарчас боғлашган. Масалан, Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида тарбияни бола туғилган кундан бошлаш кераклигини уқтиради. У тил ва адабиётни миллатнинг «ойинаи ҳаёти» деб атайди ва огоҳлантиради: «Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур». Авлоний учун тил тарбияси ва ахлоқ тарбияси айрилмас эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий нутқни икки даражага ажратган: оила ва жамоатдаги кундалик тил ҳамда илм ва адабиёт тили. Бу иккаласи бир-биридан узилиб қолмаслиги керак. Уйда саводли ва бой сўз эшитган бола илм тилини ҳам осон ўзлаштиради.
Шу ўринда суҳбатдошимиз масаланинг ҳуқуқий асосларига ҳам эътибор қаратади:
Оилада тил тарбияси — фақат маънавий иш эмас, унинг ҳуқуқий асослари ҳам бор. Асосий Қонунимизда оила жамиятнинг асосий бўғини ва жамият ҳамда давлат муҳофазасида экани белгиланган. Ота-оналар фарзандларини тарбиялашга мажбурдир. Шунингдек, 4-моддада ўзбек тили давлат тили экани, барча миллат ва элатларнинг тиллари ҳурмат қилиниши кафолатланган.
Оила кодекси ота-онанинг бола тарбияси, унинг маънавий ривожи учун жавобгарлигини белгилайди. «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун эса боланинг миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбияланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Болани она тилидан узиб қўйиш ана шу ҳуқуқдан маҳрум қилиш демакдир.
Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги Фармони ва 2020–2030 йилларга мўлжалланган тил концепцияси ўзбек тилининг нуфузини оширишни давлат сиёсати даражасига кўтарди.
Аммо ҳеч бир қонун онанинг алласини, отанинг насиҳатини, бувининг эртаги ўрнини боса олмайди. Қонун шароит яратади, тилни эса оила яшатади.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.