“Халқ сўзи” – халқ ҳаётининг йилномачиси
Фарғонада мамлакат етакчи нашрларидан бири – “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ташкил топганининг 35 йиллиги нишонланди.
Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини ёритиш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳоли манфаатларини ифода этишда матбуотнинг ўрни беқиёс. «Халқ сўзи» газетаси ана шу масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган нуфузли нашрлардан биридир.1991 йилда ташкил этилган газета мустақиллик йилларида мамлакат ҳаётидаги муҳим ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий ва маданий жараёнларни ёритиб келмоқда. Нашр ўзбек ва рус тилларида чоп этилиб, кенг китобхонлар аудиториясига эга. Тадбирда дастлаб газетанинг босиб ўтган йўли, миллий журналистика ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ҳудудлар ҳаётини ёритишдаги ўрни ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
[gallery-478169]
Сўнгра вилоятнинг таниқли ёзувчи, шоир, журналистлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб газетанинг ўтган 35 йилдаги фаолиятини таҳлил қилдилар, ўзбек журналистикасига етук журналистларни тарбиялаб етказиб берган таҳририят ва устозлар ҳақида фикр- мулоҳазаларини билдиришди. Маълумки, газета фаолиятида жойлардаги ўзгаришлар, аҳолини ўйлантираётган масалалар, тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва маънавият соҳаларидаги жараёнларни ёритиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, матбуотнинг жамиятдаги нуфузи нафақат эълон қилинаётган ахборотнинг тезкорлиги, балки унинг холислиги, таҳлил чуқурлиги ва ҳаётийлиги билан ҳам белгиланади. Шу маънода, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, долзарб мавзуларни биргаликда ўрганиш ва ёритиш муҳимдир. Бундай ҳамкорлик ҳудудлардаги воқеа-ҳодисаларнинг мамлакат миқёсида кенгроқ акс этишига, жамоатчилик фикрининг шаклланишига хизмат қилади.
– “Халқ сўзи” газетасининг 35 йиллиги миллий матбуот тарихига назар ташлаш, журналист меҳнатининг масъулиятини англаш ва келгуси фаолият учун янги мақсадларни белгилаш имкониятидир, – деди Фарғона давлат университети ректори, профессор Баҳодир Шермуҳаммадов. – Газета жамоасига ижодий муваффақиятлар, янги изланишлар ва китобхонлар ишончини мустаҳкамлаш йўлида омад тилаймиз.
Тадбир нафақат ўтган йиллар сарҳисоби, балки журналистика олдида турган янги вазифаларни белгилаб олиш учун ҳам аҳамиятли бўлди. Бугунги ахборот маконида газета ва журналлар рақамли платформалар билан рақобатлашар экан, чуқур таҳлил, ишончли далил, журналистик суриштирув ва ўқувчи билан самимий мулоқотга бўлган эҳтиёж янада ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг фарғоналик фаол муаллифларига эсдалик нишони ва юбилей китоби совға қилинди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА