Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар: сув таъминотида қандай натижаларга эришилмоқда?
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда ичимлик суви ва оқова сув тизимларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари, ўзлаштирилган маблағлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматлари қамровини кенгайтириш соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, имтиёзли кредит ва грант маблағларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидланишича, бугунги кунда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги, Саудия тараққиёт жамғармаси, ОПЕК жамғармаси ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар билан лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Агар мустақилликнинг дастлабки 25 йилида соҳага қарийб 800 миллион доллар жалб этилган бўлса, сўнгги ўн йилда бу кўрсаткич 2,6 миллиард доллардан ошди.
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 21 та лойиҳа доирасида 350,6 миллион доллар қарз маблағи ўзлаштирилди. Натижада белгиланган прогноз кўрсаткичи 104 фоизга бажарилди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги кўрсаткичнинг 116 фоизини ташкил этди.
Ўзлаштирилган маблағлар ҳисобидан 462 километр ичимлик суви ва 234 километр оқова сув тармоғи барпо этилди. 90 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 11 та ичимлик суви ва 2 та оқова сув иншоотида ишлар якунланди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ўтказилган инвестиция форуми доирасида Германия тараққиёт банки билан Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини яхшилашга қаратилган битимлар имзоланган. Уларнинг умумий қиймати 130 миллион евро миқдоридаги кредит ва 67 миллион евро грант маблағларини ташкил этади.
Муҳим жиҳати, грант маблағлари илк бор тўлиқ сув иншоотини қуришга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Оқова сув тизимини модернизация қилиш доирасида Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида суткасига 130 минг куб метр, Олмалиқ шаҳрида 100 минг куб метр ва Чиноз шаҳрида 2 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга иншоотлар ишга туширилди.
Шунингдек, тақдим этилган маълумотга кўра, октябрь ойида Ангрен шаҳрида суткасига 100 минг куб метр, Бекобод шаҳрида эса 60 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга иншоотларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар натижасида жами 103 та маҳалладаги 350 мингдан ортиқ аҳолига кўрсатиладиган оқова сув хизматлари яхшиланади.
Ичимлик суви таъминотида ҳам муҳим натижаларга эришилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан суткасига 40 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга “Манғит” иншооти ишга туширилди.
Бунинг натижасида тумандаги 47 та маҳаллада яшовчи 100 минг нафар аҳолини илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, яна 87 минг нафар аҳолининг сув таъминотини тубдан яхшилаш имконияти яратилди. Иншоот сувнинг қаттиқлик даражасини 37 фоизга камайтириш имконини берди. Туман аҳолиси учун ичимлик сувини сутка давомида узлуксиз етказиб бериш йўлга қўйилиб, марказлашган сув таъминоти қамрови 50 фоиздан 87 фоизга етказилди.
2026 йилда халқаро молия институтлари маблағлари ва хорижий инвестициялар ҳисобидан 500 миллион доллар ўзлаштириш режалаштирилган. Бу маблағлар ҳисобига қарийб 600 километр ичимлик суви ва 300 километр оқова сув тармоғини қуриш, шунингдек, 16 та ичимлик суви ва 4 та оқова сув иншоотини барпо этиш кўзда тутилган.
Айни пайтда ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд бўлган Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни яхшилаш мақсадида умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 21 та истиқболли лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Ушбу лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши ичимлик суви таъминоти барқарорлигини ошириш, оқова сув тизимларини модернизация қилиш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА