Оҳангаронда чорвачилик салоҳияти оширилмоқда
Оҳангарон туманида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, чорвачилик тармоғини кенгайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Қарор ва ижро
Мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар Президентимизнинг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда. Ушбу ҳужжат чорвачиликни ривожлантириш, озуқа базасини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан янада самарали фойдаланиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қиляпти.
Қарорда озиқа экинлари етиштириш учун 49 йил муддатга ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ер майдонларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, умумий пахта, ғалла ва чорвачилик хўжаликларининг 10 гектардан кам бўлмаган ер майдонининг 1 фоизи, бироқ 20 сотихдан ошмаган қисмида чорвачилик инфратузилмасини барпо этиш имконияти назарда тутилган. Бу каби ёндашув ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, чорвачилик учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, Оҳангарон туманида фермер хўжаликларининг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, чорва молларини сақлаш учун замонавий ва қулай шароит яратиш, озуқа захирасини шакллантириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ажратилган ер майдонларида енгил конструкцияли молхоналар, чорва молларини суғориш учун сув резервуарлари, ем-хашакни сақлашга мўлжалланган махсус омборхоналар ва чорвачилик фаолияти учун зарур бошқа инфратузилма объектлари барпо этилмоқда.
Тумандаги “Suxrob taraqqiyoti bog‘i surx” фермер хўжалигида ҳам чорвачилик йўналишини кенгайтириш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хўжаликка қарашли 20 сотих ер майдонида енгил типдаги замонавий молхона қурилмоқда. Айни пайтда бу ердаги қурилиш-монтаж ишларининг 80 фоизи бажарилган. Янги иншоотнинг барпо этилиши чорва молларини сақлаш учун зарур шароитларни яхшилаш, чорвачилик йўналишини кенгайтириш ва келгусида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.

Хўжаликда чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирга қадар 350 тонна озуқа захираси шакллантирилган. Бу эса чорва молларини йил давомида тўйимли озуқа билан таъминлаш, маҳсулдорликни ошириш ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш барқарорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Фермер хўжалигида чорвачиликни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, маҳсулдор чорва моллари сонини кўпайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Режага кўра, жорий йил сентябрь ойида Россия Федерациясидан 66 бош наслли қорамол олиб келиниши кўзда тутилган. Наслли моллар сутчилик йўналишида парвариш қилиниб, келгусида хўжаликда сут ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Умуман, наслдор чорва молларини кўпайтириш, уларни замонавий технологиялар асосида парваришлаш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш чорвачилик тармоғида маҳсулдорликни оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
А.Мусаев, ЎзА