Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тартиби белгиланиши мумкин
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун улушли қурилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, улушдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, уларнинг мол-мулкини ҳимоя қилишга қаратилган. Унда улушдорларнинг маблағларини жалб қилишнинг аниқ механизмлари ва ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Хусусан, улушдорларнинг маблағлари фақат улушли иштирок этиш шартномаси асосида Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган ихтисослашган қурувчилар томонидан жалб қилиниши белгиланмоқда. Бунда шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

Улушдорлар томонидан киритилган маблағларни ваколатли банкларда очилган эскроу ҳисобварақларида сақлаш ва уларни қурилиш объекти улушдорга топширилганидан кейингина қурувчига ўтказиш тартиби назарда тутилмоқда. Бунда эскроу ҳисобварақларидаги маблағларга нисбатан ундирувни қаратиш тақиқланади ҳамда уларга нисбатан банк омонатларини ҳимоя қилиш бўйича кафолатлар қўлланилади.
Қонунга мувофиқ қурилиши якунланган объектлардан фойдаланишга рухсатнома олинганидан кейин улар уч ойдан кечиктирмай улушдорларга топширилиши лозим. Шу билан бирга, объектларнинг конструктив элементлари бўйича кафолат муддати камида ўн йил этиб белгиланмоқда.

Сенаторлар кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш учун жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг маблағларини жалб этиш билан боғлиқ муносабатларнинг қонун даражасида тартибга солинаётгани муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Улушли қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш механизмларининг такомиллаштирилиши, улушдорларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилиши ва соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятларини яратади.
Н.Абдураимова,
ЎзА