Оҳангаронда чорвачилик ривожланмоқда
Президентимизнинг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, чорвачилик инфратузилмасини кенгайтириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ, умумий пахта-ғаллачилик ва чорвачилик хўжаликларининг 10 гектардан кам бўлмаган ер майдонларининг 1 фоизи, бироқ 20 сотихдан ошмайдиган қисмида чорвачилик инфратузилмасини барпо этиш учун шароит яратиш белгиланган.
Бу имкониятдан фойдаланган ҳолда, Оҳангарон туманидаги “Соҳибкор” фермер хўжалигида енгил конструкцияли молхона қурилиши якунланди. Шунингдек, чорва молларини озуқа билан таъминлаш учун зарур база ҳам шакллантирилди. Бу каби ишлар чорвани сақлаш ва парваришлаш шароитларини яхшилаш, хўжаликларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Чорвачилик самарадорлиги нафақат инфратузилма ва озуқа базасига, балки насл сифатини яхшилашга ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис туманда наслдор қўйлар олиб келиш ва уларни маҳаллий хўжаликларда кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил июнь ойида Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов бошчилигидаги делегация Монголияда бўлиб, ушбу мамлакатда етиштириладиган “Баят” зотли қўйларни туманга олиб келиш юзасидан музокаралар ўтказган эди. Эришилган келишувлар амалий босқичга ўтиб, наслдор қўйлар импорти бошланди. Жумладан, “Best Metall Construction” МЧЖ томонидан Монголиядан 2 минг 243 бош қўй Оҳангарон туманига олиб келинди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, йил якунига қадар Монголиядан жами 30 минг бош қўй олиб келиш режалаштирилган. Айни пайтда бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Мазкур ташаббус наслчилик ишларини такомиллаштириш, чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Шу билан бирга, наслдор чорва молларини парваришлаш учун зарур инфратузилма ва озуқа базасини шакллантириш ҳам тармоқ ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Оҳангарон туманида амалга оширилаётган ишлар чорвачиликни ривожлантиришнинг ўзаро боғлиқ икки йўналишини — моддий-техник шароитларни яхшилаш ва наслчилик салоҳиятини оширишни қамраб олмоқда. Уларнинг изчил давом эттирилиши келгусида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА