Махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан божхона постлари ходимлари иштирокида махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, уларнинг божхона чегаралари орқали яширинча олиб ўтилишига йўл қўймаслик ҳамда бундай қонунбузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш божхона органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.

Машғулотлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда ушбу қонун асосида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар, унинг амалий аҳамияти ва ижросини таъминлаш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга қаратилган машғулотларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг турлари, ташқи белгилари, ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, уларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтишда қўлланилаётган турли усул ва услублар ҳақида маълумот берилди. Айниқса, шубҳали ҳолатларни тезкор аниқлаш, ноқонуний юкларни яшириш усулларини фош этиш, замонавий техник воситалардан самарали фойдаланиш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай ўқув машғулотлари божхона ходимларининг касбий билим ва амалий салоҳиятини ошириш, ҳушёрликни кучайтириш ҳамда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири