Ҳар қандай касб-ҳунарнинг ортидан элда ҳурмат топиб, бадавлат бўлиш мумкин
Йўл-йўлакай...
Пойабзал таъмирловчи уста Шуҳрат Жўраев касб-ҳунар ортидан уйлар қуриб, тўйлар қилди. Фарзандларини камолга етказиб, элу юртга қўшди. Қуйида шу ҳақда бироз тўхталамиз.
Кейинги пайтларда оёғимга туфли сотиб олиб, барака топмаётгандайман. Қимматиниям, арзониниям, хорижники-ю ўзимизникиниям кийиб кўрдим. Фойдаси бўлмаяпти... Қайси бирини кийсам, бармоқларим туфли учига урилиб, товоним сиқилади. Одам безиллаб қолар экан.
Яқинда шу ташвиш билан пойабзал тузатувчи устанинг ёнига бордим.
У оёқ кийимни қўлига олар экан, бироз кутиб туришимни айтди. Заводдан чиққанидан ҳам зўр қилиб, ўзимга мослаб беришини ваъда қилди. Журналистман, бу кутиш вақтини бой бергим келмади. Устани суҳбатга тортдим.
— Ёшим 55 да, Бектемир туманидаги Олтин топган маҳалласида яшайман, – дейди Шуҳрат ака Жўраев самимийлик билан. – Ўттиз йилдан буён косибчилик қилиб, халқимизга хизмат қиламан. Шу касбнинг ортидан фарзандларимни ўқитиб, уйли-жойли қилдим. Уйлар қуриб, тўйлар қилдим. Бу менга ота касб. Тўрт ака-ука ҳам косибмиз. Улар Бувайда туманида яшайди, учаласи ҳам шу ҳунар ортидан ризқ-рўз топишади. Ўзи аслида бу ҳунарни ҳар бир йигит киши билиши керак, деб ўйлайман. Илгари ҳамма оиланинг эркаклари пойабзалларини ўзлари таъмирлашган. Ҳозирги ёшлар буни хоҳлашмайди. Уларга янгисини сотиб олиш қулайроқ.

— Касбингизни ўзига яраша қийинчилик томонлари нимада?
— Саволингиз ўринли. Айрим танишларим орасида “Бошқа иш қилсангиз бўлмайдими, одамларнинг кир оёқ кийимларини тозалаб ўтирасизми?” дейдиганлари ҳам бор. Аслида ҳеч бир ишнинг осон томони йўқ. Касбимни жуда яхши кўраман. Энг эскирган оёқ кийимни ҳам таъмирлаб, тозалаб эгасининг қўлига чиройли қилиб топшираман. Мижозларим орасида муддати ўтган пойабзалини олиб келиб, “янгидек қилиб беринг”, дейдиганлариям бор. Имкон қадар хурсанд қилиб юборишга ҳаракат қиламан.
Фақат таъмир билан эмас, янги пойабзал тикиш билан ҳам шуғулланаман. Буюртмаларим жуда кўп, баъзида улгурмай қоламан.
— Баъзи бир пойабзаллар оёқни терлатади, сиқади. Сифатли буюмни танлаш учун нималарга эътибор бериш керак?
— Оёқ кийимингиз ноқулай бўлса, юришингиз ва ишингизда унум бўлмайди. Шу боис пойабзал сотиб олаётганда, энг аввало, унинг устки ва ички қисми чармдан тикилганини олиш керак. Ўзбекистонда энг сифатли пойабзаллар чармдан, яъни мол терисидан тайёрланади. Қўй ва эчки терисидан кўпроқ маҳси тикишда фойдаланилади. Ҳозир косибларимиз тикаётган пойабзаллар ҳам сифатли чиқяпти.
Кўпинча оёқ кийим сотиб олаётганда айрим сотувчилар харидорларни “Бир-икки кийсангиз кенгайиб, лойиқ бўлиб қолади, ўзи ўнг оёқ билан чап оёқда фарқ бўлади”, деб алдашади. Улар сотишга ишқибоз. Сифатли оёқ кийим ҳеч қачон икки хил бўлмайди, яъни ўнг оёқники чапидан фарқ қилмайди.
Баъзи ота-оналар боласига “кейинги йил ҳам кияди”, деб бир-икки ўлчам каттароғидан олиб беришади. Бундай қилиш нотўғри, катта оёқ кийимда боланинг оёғи айланиб, тойиб кетади. Шунинг учун лойиғини олиб бериш керак.
— Ёшлар келиб, сизга шогирд тушаман деса, ўргатасизми?
— Албатта, фақат сабрлари етса бўлди.
Ниҳоят пойабзалим тайёр бўлди. Кийсам бинойидек.
Орамизда Шуҳрат ака сингари касб-ҳунарининг ортидан элда ҳурмат топиб, бадавлат бўлиб юрганлар кўп.
Нигора Раҳмонова, ЎзА