Оғир атлетика: Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида бир кунда 10 та медаль қўлга киритди
Тошкентда ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муносиб иштирок этмоқда.
Ҳамюртларимиз 3 та олтин, 6 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
57 килограмм вазн тоифасида ёшлар ўртасида баҳс олиб борган Маржона Абдумуталова даст кўтариш дастурида энг яхши натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. 61 килограмм вазн тоифасида ёшлар ўртасида Зиёда Худойқулова ҳам даст кўтариш дастурида шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.
61 килограмм вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида иштирок этган Муниса Болтаева силтаб кўтариш дастурида олтин медални қўлга киритди.
Мусобақанинг ушбу кунида вакилларимиз 6 та кумуш медалга ҳам эга чиқди. 57 килограмм вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида Зарина Абдуллаҳакова даст кўтариш дастурида иккинчи ўринни эгаллади.
Шу вазн тоифасида ёшлар ўртасида Маржона Абдумуталова силтаб кўтариш дастурида ва икки курашда кумуш медаль билан тақдирланди.
61 килограмм вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида Муниса Болтаева икки курашда, ёшлар ўртасида Зиёда Худойқулова эса силтаб кўтариш ва икки кураш дастурларида иккинчи ўринни эгаллади.
Мазкур вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида баҳс олиб борган Муниса Болтаева даст кўтариш дастурида бронза медалга сазовор бўлди.
Тошкент мезбонлик қилаётган қитъа чемпионатида Ўзбекистоннинг ёш оғир атлетикачилари ўз натижаларини янада яхшилаш учун баҳсларни давом эттиради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА