Одил судлов академиясида кадрлар қандай тайёрланмоқда?
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимида янги давр бошланди.
Ўтган бир йил давомида фармон ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилди? Судьялар олий кенгаши етакчи инспектори Бобомурод Эшқувватов шу ҳақда маълумот берди:
– Одил судлов академиясида ўтган бир йил ичида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди.
Одил судлов академияси фаолиятини рақамлаштириш борасида таълим жараёни ва суд амалиётини интеграция қилишга қаратилган бир қатор тизимли рақамли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, “Виртуал суд” машғулотлари йўлга қўйилиб, касбий қайта тайёрлаш курсларида реал суд мажлисларини тўғридан-тўғри (онлайн) кузатиш имкони яратилди. Судьянинг ҳаракатларини тизимли таҳлил қилиш имконини берувчи рақамли формат иш бошлади.
“Wakil AI” интеграцияси асосида ҳуқуқий маълумотларни тезкор излаш, қонунчилик ҳужжатларини таҳлил қилиш ва ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш бўйича махсус сунъий интеллект платформаси имкониятлари синовдан ўтказилмоқда.
Ўқув жараёни автоматлаштирилгани натижасида машғулотлар жадвалини тузиш, имтиҳонларни электрон ўтказиш ва тингловчилар рейтингини юритиш учун ягона дастурий мажмуа (рақамли мониторинг тизими) жорий этилди.
Одил судлов академияси ҳузуридаги илмий кенгашлар ва илмий-тадқиқот фаолияти тизимида назарияни бевосита суд амалиётига яқинлаштириш ва олимларни моддий рағбатлантиришга қаратилган муҳим янгиликлар жорий этилди. Аввало, Академия ҳузурида юридик фанлар бўйича илмий даражалар беришга ихтисослашган илмий кенгашларни бевосита ташкил этиш ва уларнинг қамровини кенгайтириш белгиланди. Академия ректорига илмий кенгаш таркибига ва диссертациялар ҳимояси жараёнларига жалб этилган экспертлар ҳамда мутахассисларни моддий рағбатлантириш бўйича мустақил ҳуқуқ берилди.
Илгари Судьялар олий мактаби судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курслари тингловчилари учунгина (яъни бўлажак судьялар) магистратура даражасини олиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда Одил судлов академиясида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб илк бор «Суд фаолияти» мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури жорий этилиб, нафақат судьялар балки суд аппарати ходимлари учун ҳам амалий магистратурада ўқиш имкони яратилди.
Одил судлов академиясида халқаро стандартлар асосида кадрлар тайёрлаш ва глобал ҳамкорликни мутлақо янги даражага олиб чиқиш учун тизимли асос яратилди.
Етакчи хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашиш ва қўшма таълим дастурларини жорий этиш бўйича меморандум ҳамда битимлар тузиш тизими яратилди. Бунинг амалий натижаси сифатида сўнгги бир йил ичида 5 та давлатлараро меморандум (Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия давлатлари) ҳамда 13 та маҳаллий даражадаги меморандумлар имзоланди.
Хулоса қилиб айтганда, фармон Одил судлов академиясини замон талабларига мос равишда чуқур трансформация қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлди. Ислоҳотлар доирасида амалга оширилган рақамлаштириш жараёнлари, суд ходимлари учун амалий магистратуранинг йўлга қўйилгани ва халқаро илғор стандартларнинг таълимга татбиқ этилиши академияни янги давр интеллектуал марказига айлантирди.
Н.Абдураимова, ЎзА