Ободлик ва меҳр-саховат ойлиги давом этмоқда
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ҳамда “Долзарб 40 кунлик” доирасида Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, хайрия ва ҳамжиҳатликка қаратилган тадбирлар изчил давом этмоқда.
Янгийўл туманининг Аҳил маҳалласида ташкил этилган тадбирда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши раиси Сайёра Файзиева, вилоят “Нуроний” жамғармаси бўлими раиси Акбар Носиров, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда фуқаролар иштирок этди.

Учрашувда маҳаллаларни янада обод қилиш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, ҳудудларда озодаликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни юксалтириш, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бу каби тадбирлар маҳаллаларда обод ва файзли муҳитни қарор топтириш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Нурафшон шаҳрида ҳам мазкур ойлик доирасида “Ахтам саҳоба” қабристонида кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалаш ҳашари ташкил этилди. Унда мингдан ортиқ шаҳар аҳолиси, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Ҳашар давомида қабристон ҳудуди чиқиндилардан тозаланди, дарахтлар оқланиб, парвариш қилинди, яшил ҳудудлар тартибга келтирилди ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад муқаддас қадамжоларни обод сақлаш, атроф-муҳитни янада кўркамлаштириш ва аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, саховат ҳамда ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.

Оҳангарон туманининг Увак маҳалласида эса имконияти чекланган ва кам таъминланган оила хонадонида кўнгилли ёшлар иштирокида хайрия ҳашари ўтказилди. Тошкент вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳожиев бошчилигидаги ёшлар ҳовли ва томорқани тартибга келтирди, деворлар ҳамда зинапояларни бўяб, хонадон атрофини обод қилди.
Бу каби эзгу ташаббуслар аҳоли ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллалар қиёфасини янада обод ва кўркам этишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА