Ободлик – бир ойлик эмас, узлуксиз жараён
Маҳалла – инсоннинг кундалик ҳаёти кечадиган, қувончу ташвишлари, орзу-мақсадлари билан уйғунлашган маскан. Шу боис унинг ободлиги фақат кўча ва ҳовлиларнинг тозалиги, биноларнинг ташқи кўриниши билан эмас, одамларнинг ўз ҳудудига муносабати, дахлдорлик ҳисси ва яратилган шароитдан розилиги билан ҳам белгиланади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни ўтказилган йиғилишда маҳаллаларда ободлик, меҳр-саховат ва инсон қадрини улуғлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шу асосда ташкил этилган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ҳам маҳаллалар қиёфасини янгилаш, ҳудудларда тозалик ва тартибни таъминлаш, аҳолида дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган эзгу ташаббуслардан бири бўлди.
Аммо ободликни бир ойлик тадбирлар доирасига сиғдириб бўлмайди. Ойлик муайян ишларни жадаллаштириши, аҳолини бир мақсад атрофида бирлаштириши мумкин. Бироқ унинг ҳақиқий натижаси кейинги кунларда кўринади. Бугун тозаланган кўча эртага яна ифлосланмаса, таъмирланган объект ўз вақтида асралса, экилган кўчат парвариш қилинса, хонадонлар атрофидаги тартиб сақланса – ана шунда бир марталик ташаббус барқарор натижага айланади.

Зеро, ободлик – кундалик маданият. У инсоннинг ўз уйи, кўчаси, маҳалласига бўлган муносабатида намоён бўлади. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг натижаси, энг аввало, маҳаллада, одамларнинг кундалик ҳаётида сезилиши керак. Чунки аҳоли учун катта ўзгаришлар кўпинча оддий ҳаётий шароитларда намоён бўлади: равон йўл, тоза кўча, ёритилган ҳудуд, обод ҳовли, фарзандлар учун қулай майдонча ёки мурожаатнинг ўз вақтида ҳал этилиши инсон ҳаётига бевосита таъсир қилади.
Шу нуқтаи назардан, Сирдарё вилоятида ободонлаштириш ишларининг маҳаллабай ташкил этилаётгани эътиборга лойиқ. Бугун вилоятдаги 175 минг 797 та хонадонда 954 минг 361 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. 221 та маҳалла фуқаролар йиғинида ободлик ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида алоҳида штаблар фаолияти йўлга қўйилган.

Жойларда ишнинг натижаси билан бирга, масъулият ҳам аниқ белгиланмоқда. Туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалладаги ишлар кунлик мониторинг қилиниб, масъул раҳбарлар ҳудудларга бириктирилган. Улар аҳоли билан мулоқот қилиб, ободонлаштириш тадбирларини ташкил этиш билан бир қаторда, одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва уларга амалий ечим излашга ҳам эътибор қаратмоқда.
– Бириктирилган раҳбарлар ҳар куни маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилган ҳолда ободонлаштириш, ҳашар ва санитария тадбирларини ташкил этмоқда. Бунда, аввало, хонадонлар, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи, ижтимоий объектлар ҳамда умумий фойдаланиш жойларини тартибга келтиришга устувор аҳамият берилмоқда, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов.

Натижалар рақамларда ҳам акс этмоқда. Бугунги кунга қадар вилоятдаги 15 минг 303 та хонадонда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шундан 12 минг 127 тасида ишлар хонадон эгалари томонидан, 3 минг 176 тасида эса маҳалла кўмаги асосида бажарилди.
Жумладан, 659 та хонадоннинг том қисми, 8 минг 269 та хонадоннинг ташқи фасади, 2 минг 221 та ошхонаси, 891 та ҳожатхонаси, 755 та ювиниш хонаси, 1 минг 653 та тандирхонаси ва 1 минг 835 та молхонаси таъмирланди.
Шунингдек, 13 минг 692 та хонадон атрофи ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди. 11 минг 840 та хонадонга тегишли 248,7 гектар ер майдонида ҳайдаш ишлари бажарилди.

Рақамлар салмоқли. Аммо уларнинг ҳар бири ортида алоҳида бир оила, бир хонадоннинг ҳаёти бор. Таъмирланган том – хотиржамлик, обод ҳовли – файз, тоза кўча – қулайлик. Шунинг учун ободонлаштириш ишларининг асосий мезони бажарилган ишларнинг сони эмас, уларнинг инсон ҳаётига қанчалик таъсир кўрсатаётганидир.
Бу жараёнда аҳолининг ўзи фаол иштирок этаётгани, айниқса, муҳим. Зеро, маҳалла ободлигини фақат масъуллар ёки коммунал хизматлар зиммасига юклаб қўйиб бўлмайди. Ҳар бир хонадон эгасининг ўз ҳовлиси, кўчаси ва атроф-муҳитга муносабати бутун ҳудуд қиёфасига таъсир қилади. Бир хонадондаги тартиб қўшнига ўрнак бўлади, бир кўчадаги поклик эса бутун маҳаллага кўчади.

Шу боис ҳашарлар маҳалла ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Ҳашар – фақат тозалаш ёки ободонлаштириш эмас, балки одамларни бир мақсад атрофида бирлаштирадиган, ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган анъана. Бугун маҳаллаларда ёшлар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакилларининг биргаликда меҳнат қилаётгани бу қадриятнинг ҳаётдаги ифодасидир.
– Бугун маҳаллага кириб келган одамни, аввало, унинг ташқи қиёфаси қарши олади. Аммо ободликнинг ҳақиқий қадрини шу маҳаллада яшаётган инсон ҳис қилади. Кўчаларнинг тозалиги, хонадонларнинг файзи, дарахтлар ва гулларнинг кўркамлиги одамларнинг ўз маҳалласига бўлган муносабатини ҳам ўзгартирмоқда. Айниқса, ҳашарларда ёшлар ва нуронийларнинг елкадош бўлиб, бир мақсад йўлида ҳаракат қилаётгани қувонарли, – дейди меҳнат фахрийси Шербўта Пиримқулов.

Дарҳақиқат, обод маҳалла, аввало, одам ҳар куни юриб ўтадиган кўча, фарзанди мактабга борадиган йўл, кексалар сайр қиладиган ҳудуд ва аҳоли учун қулай муҳитдир. Шу боис Сирдарёда ички йўлларни тартибга келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятдаги 52 та кўчада 41,3 километр узунликдаги ички йўлларни асфальтлаш, бетонлаш ва шағаллаштириш ишлари амалга оширилди. 29 та кўчада 29,5 километр масофада пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Бу ишлар кўчаларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш билан бирга, аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш шароитини яратмоқда.
Йўллар билан бир қаторда, кўча бўйларини кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам давом этмоқда. 80 минг 953 та дарахтга шакл берилди, 76 минг 964 та дарахт оқланди, кўчаларга 68 минг 94 туп турли хил гул кўчатлари экилди. Тоза ва яшил кўчалар нафақат ҳудуд кўринишига кўрк бағишлайди, балки одамларда атроф-муҳитга эътибор ва уни асраш масъулиятини ҳам кучайтиради.
Ободонлаштириш ишлари кўп қаватли уйлар атрофини ҳам қамраб олмоқда. Вилоятдаги 2 минг 97 та кўп қаватли уйдан 1 минг 496 таси атрофида тозалаш ишлари бажарилди. 5 минг 854 та кириш йўлаги тозаланиб, 1 минг 233 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Айни пайтда 402 та кўп қаватли уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Тоза ва ёритилган кириш йўлаги аҳоли учун қулайлик, таъмирланган фасад ҳудуд кўринишига кўрк, саришта ҳовли ва йўлаклар эса кўп қаватли уйларда яшаётган инсонларда ўз уйи ва маҳалласига дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.

Ободликнинг барқарор бўлиши учун унинг моддий асоси ҳам муҳим. Шу мақсадда маҳалланинг 10 фоизлик ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасидан ушбу ишларга 1 миллиард 581 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 38,1 тонна оҳак, 15,2 тонна бўёқ, 35 минг 688 туп гул кўчати, 260 та тунги ёритиш чироғи ҳамда зарур қурилиш материаллари харид қилинди.
Ободонлаштириш ишлари маҳаллалар ва хонадонлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Аждодлар хотираси ва муқаддас масканларни эъзозлаш, қабристонларни обод ва саришта ҳолда сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бундай эзгу ишлар халқимизга хос меҳр-оқибат, ҳурмат ва ҳамжиҳатликнинг амалий ифодасидир.

Вилоятдаги 187 та қабристоннинг 164 тасида ҳашар ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 423,6 гектар бўш ер майдони ободонлаштирилди, 260,7 километр ариқ ва зовурлар тозаланди, 30 минг 104 та дарахтга шакл берилди, 13 минг 127 та қабр сувалди. Шунингдек, 71 та қабристонда дезинфекция ишлари амалга оширилди. Ушбу тадбирларга 56 минг 127 нафар фуқаро жалб этилди.
Бу рақамлар амалга оширилган ишларнинг кўламини кўрсатади. Аммо уларнинг мазмуни рақамлардан анча кенг. Қабристонларни обод қилиш – ўтмишга ҳурмат, бугунги масъулият ва келажак авлодга ибратдир. Ҳашарларда турли авлод вакилларининг биргаликда меҳнат қилиши эса миллий қадриятларни амалда намоён этади.

Бугун Сирдарёдаги маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари тобора кенг қамров касб этмоқда. Хонадонлар таъмирланмоқда, кўчалар ободонлаштирилмоқда, ички йўллар тартибга келтирилмоқда, дарахтлар парваришланмоқда, кўп қаватли уйлар атрофи саришта ҳолга келтирилмоқда. Энг муҳими, бу ишлар одамларнинг бевосита иштироки билан амалга оширилмоқда.
Зеро, ободликни яратиш қанчалик муҳим бўлса, уни асраш ва давом эттириш ҳам шунчалик масъулиятли вазифадир. Бугун тозаланган ҳудудни эртага ҳам саришта сақлаш, экилган кўчатни парваришлаш, таъмирланган объектни асраш, кўча ва умумий ҳудудларга эътибор билан муносабатда бўлиш – ободликнинг узлуксизлигини таъминлайди.

Обод маҳалла бу фақат тоза ва чиройли ҳудуд эмас. У инсон қадри улуғланадиган, одамлар ўзини хотиржам ҳис қиладиган, ҳар бир хонадонда файз-барака мужассам бўлган ва аҳоли «Бу – менинг маҳаллам», деган ғурур билан яшайдиган маскандир. Ана шу туйғу шаклланган жойда ободлик бир ой билан чекланмайди. У кундалик ҳаёт тарзига айланади ва узлуксиз давом этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири