Обод маҳалла – фаровон ҳаёт пойдевори
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” нафақат ҳудудларни ободонлаштириш, балки инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва маҳалла тизимини янада мустаҳкамлашга қаратилган улкан умумхалқ ҳаракатига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун”, “Обод маҳалла – обод юрт” тамойиллари бугун ҳар бир ҳудудда амалий ишлар, эзгу ташаббуслар ва бунёдкорлик ҳаракатлари орқали ўзининг ҳаётий ифодасини топмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам таянчи – бу обод маҳалла, аҳил жамоа ва халқ манфаатига хизмат қиладиган самарали бошқарувдир.
Ана шу эзгу ғоялар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган навбатдаги штаб йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ойлик доирасида белгиланган вазифаларнинг ижроси танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилиб, ҳар бир маҳалладаги амалий ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Муҳокамалар давомида ҳудудларни ободонлаштириш, кўча ва жамоат жойларида санитария ҳолатини яхшилаш, биноларнинг ташқи қиёфасини тартибга келтириш, деворларни оқлаш, ички йўллар ҳамда ариқ-зовурларни тозалаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш каби вазифаларнинг бажарилиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, обод маҳалла фақат ташқи кўриниш эмас, балки аҳолининг яшаш муҳити, кайфияти ва ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим омилдир.

Йиғилишда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ётоқда даволанаётган беморлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар олиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Бу борада давлат раҳбарининг “ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслиги керак” деган эзгу тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани яна бир бор намоён бўлди.
Йиғилиш кун тартибидан аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳим ўрин олди. Маҳаллалардаги ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, бўш иш ўринларига йўналтириш ҳамда оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириш бўйича ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Чунки Янги Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, пробация ҳисобида турган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларни жамиятга қайта мослаштириш, муносиб меҳнат орқали ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳамда қайта ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича манзилли ва тизимли чораларни кучайтириш юзасидан масъулларга қатъий топшириқлар берилди. Бу инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, ҳар бир фуқарога иккинчи имконият беришга қаратилган инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Туман ҳокими Хуршид Тоҳиров йиғилишда сўзга чиқиб, ойлик доирасида ўтказилаётган ҳар бир тадбир расмиятчилик учун эмас, балки аҳоли ҳаётида ҳақиқий ижобий ўзгаришларни таъминлаши кераклигини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳар бир маҳаллада обод ва файзли муҳит яратиш, одамларнинг турмуш даражасини юксалтириш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ҳамда инсон қадрини улуғлаш барча раҳбар ва мутасаддиларнинг энг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ҳар бир маҳаллада амалга оширилаётган ишлар устидан доимий назорат ўрнатиш, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Бугун Қоракўл туманида кечаётган бунёдкорлик ишлари оддий ободонлаштириш тадбирларидан анча кенг маъно касб этмоқда. Бу ҳаракатлар одамларнинг турмуш тарзини яхшилаш, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, маҳаллаларни ҳақиқий тараққиёт ва фаровонлик масканига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Зеро, Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларнинг бош мезони ҳам шу — инсонни рози қилиш, маҳаллани обод қилиш ва халқ фаровонлигини таъминлашдир.
Обод маҳалла барпо этилган жойда ишонч мустаҳкамланади, ҳамжиҳатлик юксалади, эзгулик қарор топади. Қоракўл туманида амалга оширилаётган ишлар эса ана шу юксак мақсадлар изчил ва қатъият билан рўёбга чиқарилаётганининг яна бир ёрқин исботидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири