Қўқон давлат университети делегацияси халқаро таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Қўқон давлат университети делегацияси Ҳиндистоннинг Вадодара шаҳрида жойлашган Parul университетида ўтказилаётган International Staff Teaching and Training Week – 2026 халқаро академик дастурида иштирок этмоқда.
Мазкур дастур турли мамлакатлардан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар ўртасида таълим, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ташриф доирасида делегация аъзолари университетдаги таълим жараёни, замонавий ўқув лабораториялари, илмий марказлар ҳамда рақамли таълим инфратузилмаси билан яқиндан танишмоқда. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар учун ташкил этилган малака ошириш курслари, семинарлар ва маҳорат дарсларида фаол иштирок этиб, илғор тажрибаларни ўрганмоқда.

Дастур давомида хорижий олий таълим муассасалари вакиллари билан ўзаро тажриба алмашиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, академик мобилликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Мазкур ташриф Қўқон давлат университетининг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, таълим сифатини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда истиқболда янги қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА