Чимбойлик ёшлар қўллаб-қувватланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги “Тазғара” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 11 нафар ёшга жами 8 гектар ер майдони ажратилган.
Бугунги кунда ушбу майдоннинг 4 гектарида етиштирилган помидор ҳосили туман деҳқон бозорларига етказиб берилмоқда. Натижада ёшлар ўз меҳнати ҳисобига барқарор даромад манбаига эга бўлиб, ўзини ўзи банд қилиш имкониятини яратмоқда.
Ер майдонларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Замонавий усул экинларнинг соғлом ва сифатли ривожланишини таъминлаш билан бирга сув тежамкорлигига ҳам хизмат қилмоқда.
[gallery-30704]
Ажратилган ернинг қолган қисмида қовоқ ва сабзи етиштирилмоқда. Агротехник тадбирлар белгиланган талаблар асосида олиб борилаётгани боис ушбу майдонлардан ҳам мўл ҳосил олиниши кутилмоқда.
Ёшларнинг билим ва тажрибасини ошириш мақсадида уларга Чимбой тумани Агрохизматлар марказининг агромаслаҳатчилари бириктирилган. Мутахассислар томонидан замонавий агротехнологиялар, деҳқончилик усуллари ва экинларни парваришлаш бўйича мунтазам амалий тавсиялар бериб борилмоқда.
Мазкур ташаббус ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни қишлоқ хўжалиги соҳасига кенг жалб этиш ҳамда замонавий деҳқончилик маданиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, у ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА