Нью-Йоркда Турон спортини ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди
Яқинда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Алфраганус университети ҳамда Халқаро Турон федерацияси (International Turon Federation – ITF) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжат мазкур олий таълим муассасаси ректори Азизбек Исмоилов ва ITF президенти Фаррух Ниязимбетов томонидан имзоланди.
Бош қароргоҳи Қўшма Штатларнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Халқаро Турон федерацияси нодавлат нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритади. Федерациянинг асосий вазифаси Турон спортини халқаро миқёсда ривожлантириш, ҳаваскор ва профессионал йўналишларни мувофиқлаштириш, халқаро мусобақалар ташкил этиш, мураббийлар ва ҳакамлар малакасини ошириш ҳамда миллий федерациялар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Таъкидланишича, ушбу ҳамкорлик университетнинг Жисмоний тарбия ва спорт факультети фаолиятини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, таълим, илмий тадқиқот ва профессионал спортни ўзаро уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Йиғинда “Vatan New York” жамияти раиси ўринбосари Фотима Муқимова ҳамда “Мардлик” ордени соҳиби, таниқли актёр ва бошловчи Отабек Маҳкамов мазкур меморандумнинг нафақат таълим соҳаси, балки миллий спортимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтишди.
Келишув доирасида 2027/2028-ўқув йилидан Турон спорти бўйича бакалавриат таълим йўналишини йўлга қўйиш, профессионал мураббийлар, ҳакамлар ва малакали спорт мутахассисларини тайёрлаш, ўқув дастурлари ва баҳолаш мезонларини ITF билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун бепул халқаро ўқув ҳамда сертификатлаш дастурларини ташкил этиш, турон спорти тарихи, методикаси ва педагогикаси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, университет қошида Турон мураббийлари ва ҳакамларини тайёрлаш ҳамда сертификатлаш марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, университет вакиллари ITF халқаро мусобақаларида ҳакам, кузатувчи ва техник делегация аъзоси сифатида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Томонлар меморандумда белгиланган вазифаларни амалий лойиҳалар орқали босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш, қўшма илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари ва халқаро мусобақаларни ташкил этиш юзасидан келишиб олдилар.
Ў.Алимов, ЎзА