Нуронийлар – саёҳатда
Ноябрь ойида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган анъанавий “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида шу пайтгача саккиз минг нафарга яқин самарқандлик нуронийлар тарихий шаҳарлар, муқаддас қадамжолар ва маданият масканларига саёҳат қилди.
– Кекса ёшдаги юртдошларимизнинг юртимиз бўйлаб саёҳат қилишлари учун бундай имконият яратилиши, аввало, уларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси ўринбосари Донақул Тошбоев. – Муҳими, ойлик давомида нуронийларнинг маданий мерос объектлари, давлат музейлари ҳамда музей-қўриқхоналарига кириш чипталарига 50 фоизлик чегирма жорий этилди. Маҳаллий ҳокимликлар эса фахрийларнинг саёҳатларини ташкил этишда яқиндан кўмаклашиб, автобус ва бошқа масалаларда моддий қўллаб-қувватламоқда. Ана шундай имкониятлар туфайли шу пайтгача иштихонлик бир гуруҳ нуронийлар Хоразм вилоятига, Пайариқ тумани кексалари Фарғона ва Андижон вилоятларига, Самарқанд тумани нуронийлари Қозоғистоннинг Туркистон вилоятига, нарпайлик фахрийлар Қашқадарёга ва Самарқанд шаҳри кексалари Зомин туманига саёҳат қилдилар. Бошқа ҳудудларда ҳам бундай хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда нуронийларнинг мазмунли дам олиши ва юртимиз бўйлаб саёҳатларини ташкил этиш борасидаги ишлар фақатгина туризм ойлигида эмас, йил давомида олиб борилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 21 минг нафардан ортиқ кекса ёшдаги отахон ва онахонлар вилоят ва республикамиз ҳудудларига саёҳатга чиқди. Шунингдек, кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 32 минг нафар нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ногиронлиги бўлган 436 нафар фахрийларга зарур реабилитация воситалари, ёлғиз яшовчи ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 2,4 минг нафар нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 1200 нафарга яқинига дори-дармон берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири