БАЙРОҚ
...
"Ҳалол!" қичқиради ажнабий ҳакам,
Томошабин кўкси кетар бир қалқиб.
Полвоним, зўр келдинг, ёт ўлкада ҳам,
Юлдуз санаб қолди забардаст рақиб.
Узоқ бир ўлкада зафар қучдинг сен,
Кимдир маҳзун тортди, майдон ҳам адо.
Олқиш истаб очдинг қучоғингни кенг,
Аммо ўйингоҳдан чиқмади садо...
Ўкинчла атрофга термуласан жим,
Мағрур қароғингга қўнибди шабнам.
Уммонлар дунёни ютгандек, иним,
Бу ердан кўринмас Ўзбекистон ҳам...
Шу он юракларни чулғар бир оҳанг,
Ўйингоҳ қалқийди аста оёққа.
Беҳисоб нигоҳлар қадалган, қара,
Сенинг киприкларинг ўпган байроққа.
Полвоним, фахр эт! Юксаклардан боқ,
Не зотлар боши хам бўлиб турибди.
Сенинг-чун юксалган байроқда, бутун
Ўзбекистоним жам бўлиб турибди.
Юсуфжон ҲАМИДОВ