Бир байроқ, бир халқ, бир ватанмиз! (+видео)
Давлат байроғи – мустақил Ўзбекистон Республикасининг миллий, халқимизнинг бирлиги ва келажакка интилишларини ифода этувчи рамздир. Ўтган 35 йил давомида байроғимиз остида эришилган ҳар бир ютуқ ва ғалаба халқимиз учун чексиз фахр-ифтихор бағишлаб келмоқда.
Давлат байроғининг доимий равишда Президент қароргоҳлари, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият органлари бинолари ва мажлислар залларида, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналарда кўтарилиши унинг юксак мақомини билдиради.
Мустақил давлатнинг рамзлари кўп, аммо уларнинг ҳеч бири миллатни, халқни давлат байроғи каби жаҳон аҳлига танита олмайди. Байроқ тасвирида юртимиз ҳудудида қадимда мавжуд бўлган қудратли давлатлар байроқларининг энг яхши анъаналари давом эттирилган ҳолда, республиканинг табиати ва халқимизнинг миллий-маънавий ўзлиги акс этади. Шунинг учун ҳам Давлат байроғимиз нафақат чиройли безак, балки халқимизнинг тарихи, бугунги ҳаёти ва келажак орзу-интилишларини мужассам этган муқаддас тимсолдир.
Бизнинг байроғимиз ўтган ўттиз беш йил мобайнида Ўзбекистонни жаҳон аҳлига танитиб улгурди. Дунёда Ўзбекистон деган мамлакат, турли миллат ва элатларни ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатлик байроғи остида бирлаштирган давлат борлигини маълум қилди.
Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 35 йиллиги барчага муборак бўлсин!
М.Турдалиева,
И.Исматов. ЎзА