Нуқтадан таралган нур
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Нуқтадан таралган нур” номли кўргазма очилди.
Унда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли хаттот Ислом Маматов ҳамда унинг шогирдлари ижодига мансуб 60 га яқин хаттотлик асарлари намойиш этилди. Тадбирда қайд этилганидек, экспозиция номи чуқур рамзий маънога эга.

Қарийб қирқ беш йилдан буён моҳир хаттот қаламидан томган ҳар бир нуқта мангу билимлар, юксак ҳикмат ва маънавий мерос нурини таратиб келмоқда.
Устоз ушбу зиё масканида кўплаб шогирдларига меҳр билан сабоқ бериб, ижодкорларнинг янги авлодини тарбиялаб келмоқда.

Тадбирда Ислом Маматовнинг издошлари, ҳамкасблари ва шарқшунос олимлар иштирок этди. Улар қадимий хаттотлик санъатининг илм-фан ривожидаги ўрни ҳамда тарихимизда ўчмас из қолдирган буюк хаттотлар ҳақида сўз юритди.
Кўргазма барча ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Г.Бобоева, ЎзА