Нукусда 16 қаватли турар-жой биноси барпо этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Жеке терек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий кўп қаватли турар-жойлар массиви барпо этилмоқда.
Айни пайтда мазкур массив ҳудудида “DEK STROY NUKUS” масъулияти чекланган жамияти томонидан 16 қаватли замонавий турар-жой биносининг қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда.
Темир-бетон конструкциялар асосида барпо этилаётган мазкур бинода жами 80 та хонадон жойлашиши кўзда тутилган. Шундан 64 таси икки хонали, 16 таси уч хонали хонадонлардан иборат. Бинонинг ташқи деворлари замонавий, иссиқликни сақловчи базальт қоплама билан жиҳозланмоқда.
Янги турар-жой биносининг том қисмига қуввати 18 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Мазкур технологиядан фойдаланиш объектнинг энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қурилиш ишлари 2025 йил май ойида бошланган бўлиб, объектни жорий йил охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
[gallery-31095]
Замонавий кўп қаватли турар-жой биносининг барпо этилиши Нукус шаҳрида замонавий шаҳарсозлик қиёфасини шакллантириш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ва ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА